Андижон вилояти Улуғнор туманида таълим соҳасидаги кадрлар сиёсати жамоатчиликда жиддий саволлар уйғотмоқда.

Маълум бўлишича, 27 апрель куни ўтказилган “ҳокимлик соати”да туман ҳокими Аҳмаджонов Муҳаммадисломиддин туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Ш. Одиловга аввал менежерлик сертификатини ололмагани сабабли ўз аризасига кўра ишдан бўшаган 1-, 13- ва 23-мактаб директорларини лавозимига қайта тиклаш бўйича топшириқ берган.

Бу ҳолат бир қатор ҳуқуқий ва маънавий саволларни келтириб чиқармоқда. Агар мактаб директори белгиланган тартибда менежерлик сертификатини ололмаган бўлса, уни қайта лавозимга тайинлаш қандай асосга эга? Унда раҳбар кадрлар учун жорий этилган сертификатлаш тизимининг моҳияти нимада қолади?

Бугун таълим тизимида раҳбар кадрлардан нафақат тажриба, балки замонавий бошқарув кўникмалари, масъулият ва очиқ фикрлаш талаб этилмоқда. Мактаб директори фақат маъмурий раҳбар эмас, балки таълим сифати, ўқитувчилар муҳити ва ўқувчилар келажаги учун масъул шахсдир.

Шу нуқтаи назардан, менежерлик сертификатини ололмаган директорларни қайта лавозимга қайтариш таълим ислоҳотлари руҳига қанчалик мос келади?

Нега айнан ушбу уч нафар директор қайта тикланмоқда? Агар бундай амалиёт қонуний ва асосли бўлса, нима учун шундай ҳолатда ишдан кетган бошқа директорларга ҳам бир хил ёндашув қўлланилмаяпти?

Бу ҳолат жамоатчиликда турли гумонларни келтириб чиқариши табиий. Қарор ортида шахсий муносабат, манфаат ёки маҳаллий таъсир омиллари йўқми? Бу саволларга фақат холис текширув орқали жавоб бериш мумкин.

Туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбариятининг бу жараёндаги позицияси ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Таълим тизими раҳбарлари қонун ва белгиланган тартибларга таяниши, ҳар қандай оғзаки ёки маъмурий топшириқни танқидий ва ҳуқуқий баҳолаши зарур.

Улуғнор туманидаги мазкур ҳолат фақат уч нафар директор тақдири билан боғлиқ масала эмас. Бу таълим тизимида кадрларни танлаш, раҳбарлик лавозимларига тайинлаш ва ислоҳотларга муносабат масаласидир.

Агар белгиланган талабларга жавоб бермаган кадрлар яна ўз лавозимига қайтарилаверса, сертификатлаш тизимига бўлган ишонч пасаяди. Энг ёмони, бу ҳолат мактабларда таълим сифатига, ўқитувчилар кайфиятига ва ота-оналар ишончига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу боис Президент администрацияси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Андижон вилояти прокуратураси ушбу ҳолатни холис ўрганиши мақсадга мувофиқ.

Зеро, таълим тизимида адолатли ва шаффоф кадрлар сиёсати бўлмас экан, сифатли таълим ҳақида гапириш қийин. Мактаб раҳбарлигига замонавий фикрлайдиган, билимли, малакали ва масъулиятли кадрлар келиши керак. Улуғнордаги вазият эса айнан шу талаблар амалда қанчалик бажарилаётганини кўрсатиб бериши мумкин.