Британнинг The Economist нашри Украина ҳукуматидаги манбаларга таяниб, президент Владимир Зеленский мамлакатни яна икки-уч йиллик урушга тайёрлаш бўйича кўрсатма берганини ёзди. Нашрга кўра, Киевда урушнинг чўзилиши эҳтимоли тобора жиддий сценарий сифатида кўрилмоқда.

The Economist мақоласида Украина фронтда сўнгги йиллардаги энг умидли вазиятлардан бирига эга экани қайд этилган. Нашр Украина дронларининг Россия ичкарисидаги нефтни қайта ишлаш заводлари, ҳарбий корхоналар ва логистика объектларига зарбалари Москва имкониятларига босим ўтказаётганини ёзади.

“Украина бу муддат давомида қаршилик кўрсата олмаслигига жиддий асос йўқ”, деб ёзади The Economist. Нашр суҳбатдошларидан бири, украин разведкасидаги юқори лавозимли манба, вазият қанчалик оғир кўринмасин, мамлакат “уддалашини” айтган.

Шу билан бирга, мақолада узоқ уруш Украина жамияти ва иқтисодиётига босимни кучайтириши мумкинлиги таъкидланади. The Economist ички сиёсий зиддиятлар, коррупция можаролари ва Россиянинг энергетика инфратузилмасига ҳужумларини асосий хавфлар қаторида санаган.

Нашр Украина урушдан “зарар кўрган, аммо ишлаётган демократия” ва янги минтақавий куч сифатида чиқиши мумкинлигини тахмин қилган. Унинг баҳосича, мамлакат урушдан кейин камбағалроқ ва руҳан жароҳатланган, аммо ўз миллий ўзлигини янада аниқ англаган ҳолда қолиши мумкин.

Бироқ Киевда бу хабар рад этилди. РБК-Украина манбаси The Economist-нинг икки-уч йиллик урушга тайёргарлик ҳақидаги маълумотини тасдиқламади ва уни “эски гап” деб атади. Зеленский маслаҳатчиси Дмитрий Литвин ҳам бу даъвони рад этиб, президент яқинда “Слуга народа” фракцияси билан учрашувда ноябргача бўлган ярим йиллик даврга эътибор қаратиш кераклигини айтганини эслатди.