Техаснинг Галвестон Айленд штат боғида тутиб олинган балиқ олимлар ва сайёҳларни ҳайратда қолдирди. Балиқнинг оғзи ичида ғалати жонзот яшар эди — у нафақат паразит, балки балиқнинг тилини еб қўйиб, унинг ўрнини эгаллаб олган мавжудот бўлиб чиқди.

Ушбу паразит “тилхўр бит” деб аталади. У балиқ танасига жабралари орқали киради, кейин тилга маҳкам ёпишиб олади ва унинг қонини сўра бошлайди. Вақт ўтиши билан тил қуриб, узилиб тушади. Шундан сўнг паразит тилнинг ўрнига жойлашиб олиб, доимий равишда янги “тил” вазифасини бажаради. Энг ҳайратланарлиси, балиқ ҳаётини давом эттираверади ва паразитдан худди ўз тилидек фойдаланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиатдаги ягона маълум ҳолат айнан шу — паразит ўз хўжайини аъзосини шунчаки йўқ қилиб юбормайди, балки унинг вазифасини ҳам тўлиқ ўз зиммасига олади.

Паразит кейинги ҳаёти давомида балиқ оғзида яшаб, унинг шиллиқ моддаси билан озиқланади. Қизиғи шундаки, у инсонлар учун мутлақо хавфсиз ҳисобланади.

Бу воқеа табиатнинг қанчалик ғайриоддий ва шафқатсиз эканини яна бир бор кўрсатди. Табиат инсоннинг тасаввуридаги “комфорт зонаси” билан ҳисоблашмайди. Хуллас, тилингизга эрк берманг, унинг ўрнини паразитлар эгалласа, сизни йўқ қилади.