УКРАИНАНИ 293 РУБЛГА МОЛИЯЛАШТИРГАН РОССИЯЛИК ФУҚАРО 8 ЙИЛГА ҚАМАЛДИ
Тюменьлик 57 ёшли Михаил Антонович Telegram-даги пуллик реакциялар - Stars орқали Украина томонидаги каналларни қўллаб-қувватиргани учун «терроризмни молиялаштириш» айблови билан 8 йил колонияга ҳукм қилинди. У жами 293 рубллик «юлдузча» юборган.
Россиянинг Тюмень шаҳрида яшовчи 57 ёшли Михаил Антонович Telegram каналларидаги постларга пуллик реакция — Telegram Stars («юлдузчалар») юборгани учун терроризмни молиялаштиришда айбдор деб топилиб, 8 йиллик колония жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда «Медиазона» хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, Антонович Александр Невзоров, Тарас Березовец, Майкл Наки ва Александр Шпакнинг Telegram каналларидаги постларга жами 130 та «юлдузча» юборган. Уларнинг умумий қиймати 293 рублни ташкил қилган.
Россия тергов органлари ушбу Telegram каналлари мамлакатда террорчи деб тан олинган «Россия озодлиги легиони», «Россия кўнгиллилар корпуси» ва «Азов» каби тузилмаларни ахборот орқали қўллаб-қувватлайди ҳамда улар учун маблағ йиғишга чақириқлар тарқатади, деб ҳисоблайди.
Шу асосда пуллик Telegram реакциялари терроризмни молиялаштириш сифатида баҳоланган ва Антоновичга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
«Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш. Мемориал» лойиҳаси эса Антоновичнинг таъқиб қилинишини сиёсий мотивланган деб баҳолади.
Ҳукм эълон қилинишидан бир кун аввал ташкилот Telegram асосчиси Павел Дуровга очиқ хат билан мурожаат қилиб, пуллик реакцияларни аноним қилишни сўраган. Ҳуқуқ ҳимоячилари бундай реакциялар ҳақидаги маълумотлар Россияда терроризмни молиялаштириш моддаси бўйича жиноий таъқибга асос бўлаётганини билдирди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг