ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИ УЧУН ТАИЛАНДГА ВИЗАСИЗ ТАРТИБ БЕКОР ҚИЛИНИШИ МУМКИН
Таиланд ҳукумати 93 давлат, жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун амалда бўлган 60 кунлик визасиз режимни бекор қилишни режалаштирмоқда. Яқин вақтларда ўзбекистонликлар мамлакатга кириш учун онлайн тарзда электрон виза олишга мажбур бўлиши мумкин.
Таиланд ҳукумати мамлакатга визасиз кириш ва чегарада виза бериш (Visa on Arrival) тизимига ўзгартириш киритиш таклифини маъқуллади. Янги қоидаларга кўра, 93 давлат фуқаролари учун амал қилиб келган 60 кунлик визасиз режим бекор қилиниши режалаштирилмоқда. Бу рўйхатга Ўзбекистон ҳам киритилган.
Шунга кўра, яқин вақтларда Ўзбекистон фуқаролари Таиландга аввалгидек визасиз кира олмаслиги мумкин. Энди саёҳат қилиш истагида бўлганлар виза учун онлайн тарзда – Таиланднинг расмий электрон виза платформаси орқали мурожаат қилиши талаб этилади.
Мутахассислар фикрича, мазкур чекловлар ортида хавфсизлик ва миграция назоратини кучайтириш мақсади турган бўлиши мумкин. Кейинги йилларда Таиландда ноқонуний меҳнат миграцияси, жиноятчилик ва ахлоқсизлик билан боғлиқ ҳолатлар кўпайгани ҳақида турли хабарлар тарқалган эди.
Айрим кузатувчиларга кўра, Марказий Осиё давлатларидан, жумладан Ўзбекистондан аёлларни турли ваъдалар билан Таиландга олиб кетиш, улардан ноқонуний фаолиятларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам расмийларнинг визавий сиёсатни қайта кўриб чиқишига таъсир қилган бўлиши мумкин.
Ҳозирча Таиланд томонидан чекловларнинг айнан қайси омиллар сабаб жорий этилаётгани бўйича расмий ва батафсил изоҳ берилмаган. Аммо янги тартиблар туризм, меҳнат миграцияси ва хавфсизлик масалалари билан боғлиқ умумий сиёсатнинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, виза олиш учун мурожаатлар thaievisa.go.th платформаси орқали амалга оширилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг