АҚШ федерал суди Дональд Трамп маъмуриятига CNN, Politico ва MS NOW журналистларининг Оқ уйга кириш ҳуқуқини зудлик билан тиклашни буюрди. Шунга қарамай, пайшанба куни ушбу нашрларнинг айрим журналистлари Оқ уй ҳудудига киритилмади.

Колумбия округи федерал судьяси Тимоти Келли 14 кунлик вақтинчалик чеклов қарори чиқариб, учта ОАВ журналистларининг матбуот рухсатномаларини «дарҳол қайтариш, тиклаш ва қайта фаоллаштириш»ни талаб қилди. Судьянинг фикрича, журналистларни олдиндан огоҳлантирмасдан ва қарорга эътироз билдириш имконини бермасдан аккредитациядан маҳрум қилиш уларнинг конституцияда кафолатланган тегишли ҳуқуқий жараён ҳуқуқини бузган бўлиши мумкин.

Бироқ суд қароридан бир неча соат ўтиб CNN, Politico ва MS NOW вакиллари Оқ уйга киришга уринганида тўхтатилган. Politico журналистларидан бирининг матбуот гувоҳномаси олиб қўйилгани, CNN ва MS NOW ходимларининг айримлари ҳам киритилмагани хабар қилинди. Шу билан бирга, мазкур ОАВларнинг айрим бошқа ходимларига киришга рухсат берилди.

CNN, Politico ва MS NOW судга қайта мурожаат қилиб, Оқ уй маъмурияти суд қарорини бажармаётганини билдирди ва шошилинч суд мажлисини ўтказишни сўради.

Трамп аввалроқ ушбу ОАВларни Оқ уйга киритишни чеклашини уларнинг ўзи «адолатсиз ва салбий ёритиш» деб атаган материаллари билан изоҳлаган эди. АҚШ Адлия вазирлиги эса судда чекловни миллий хавфсизлик масалалари билан асослашга уринган. Судья Келли тақдим этилган материалларда журналистларнинг аккредитациясини бекор қилиш миллий хавфсизликни ҳимоя қилишига етарли фактик асос кўрсатилмаганини қайд этди.