“European Pravda” хабарига кўра, ОАВга сиздирилган аудиоёзувлар Будапешт ёпиқ эшиклар ортидаги ЕИ муҳокамалари тафсилотларини Россияга етказгани ҳақидаги шубҳалар фонида пайдо бўлган.

Нашрнинг ёзишича, 2024 йил 30 август куни Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Санкт-Петербургдан Будапештга қайтганидан бир соат ўтиб, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров унга қўнғироқ қилган. Суҳбатда Лавров россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловани Европа Иттифоқи санкция рўйхатидан чиқариш масаласини эслатган.

Сийярто эса Венгрия Словакия билан бирга уни рўйхатдан чиқариш бўйича таклиф киритишини ва бунинг учун қўлдан келганча ҳаракат қилишини айтган.

Хабарда қайд этилишича, орадан 7 ой ўтиб, Исмоилова ҳақиқатдан ҳам ЕИ санкция рўйхатидан чиқарилган. Манбага кўра, бу ҳолат Сийяртонинг Россияга яқин шахсларга нисбатан иқтисодий чекловларни юмшатишга уриниши билан боғлиқ ягона ҳолат эмас.

Европалик разведка ва дипломатик доиралар манбаларига кўра, Венгрия ва Словакия одатда санкциялар муҳокамасида Россияга алоқадор бир қатор шахсларни рўйхатдан чиқаришни талаб қилиб келади.

Айни пайтда, март ойида Россияга қарши санкцияларни узайтириш бўйича музокараларда ҳам Будапешт ва Братислава Усмоновнинг номини рўйхатдан олиб ташлаш учун босимни давом эттиргани айтилган.

“European Pravda” эслатишича, “The Washington Post” ҳам аввалроқ Сийярто ЕИ йиғинларида муҳокама қилинган масалалар ҳақида Лавровга мунтазам равишда “жонли ҳисобот” бериб турганини хабар қилган.

Кейинчалик Сийярто бу қўнғироқлар бўлганини тасдиқлаб, ЕИнинг энергетика, автомобилсозлик ва хавфсизликка оид қарорлари Венгриянинг Иттифоқдан ташқари ҳамкорлар билан муносабатларига бевосита таъсир қилишини айтган.

Шунингдек, Россияга маълумот сизиб чиқиши ҳақидаги хавотирлар сабабли ЕИ Венгрияни айрим махфий музокаралардан четлатгани ҳақида ҳам хабарлар чиққан.