27 апрель куни Швейцария Федерал жиноят суди Гулнора Каримовага нисбатан очилган жиноий ишни давом эттириш имкони йўқ, деган қарорга келди. Суд буни “барқарор ҳуқуқий тўсиқ” билан изоҳлади, яъни айбланувчининг судда шахсан қатнаша олмаётгани жараённи давом эттиришга тўсқинлик қилмоқда.

Иш Беллинцона шаҳрида бошланган бўлса-да, Каримова 2014 йилдан бери Ўзбекистонда қамоқда. Ўзбекистон томони уни жазо муддати тугайдиган 2028 йил декабригача четга чиқаришга розилик бермаяпти. Шу билан бирга, айбловлар бўйича даъво муддати ҳам айнан шу йилда тугайди, бу эса судни ишни узайтириш имконидан маҳрум қилди
.
Шу билан бирга, Швейцариядаги “Lombard Odier” банки ва унинг собиқ ходимига нисбатан пул ювиш бўйича суд ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, Каримова “The Office” деб аталган тузилма орқали 2005–2013 йилларда телекоммуникация компанияларидан катта миқдорда пора олган ва бу маблағларни Швейцария банкларига ўтказганликда гумон қилинган эди.