ШОВОТ СУДИ РАИСИ ЛАВОЗИМИДАН ОЗОД ЭТИЛДИ
Судьялар Олий кенгаши қарори билан Шовот туман суди раиси Ўктамжон Машарипов қонунийликни бузгани учун судьялик лавозимидан озод этилди. Бу ҳолат туманда сўнгги йилларда кўпайган жиноят ишлари ва иддаолар фонида кузатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгашининг 2026 йил 24 апрелдаги қарори билан Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича Шовот туман суди раиси Ўктамжон Машарипов судьялик лавозимидан озод этилди.
Кенгаш қарорида Машарипов одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани қайд этилган. Шу асосда унинг судьялик ваколатлари муддатидан олдин тугатилган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Шовот туманида ҳоким ёрдамчиларига нисбатан қатор жиноят ишлари қўзғатилгани, ушбу жараёнда айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирок этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Хусусан, 2024 йил 9 июнда Хива туман жиноят ишлари бўйича суди Шовот туман прокуратураси терговчиси Умрбек Исмоиловни 4 йилга, Сурат Худайбергановни эса 3 йилга озодликдан маҳрум қилгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, Исмоилов ҳоким ёрдамчиси Одилбек Бобожоновдан қамоқ эҳтиёт чораси қўлламаслик эвазига 1000 АҚШ доллари олаётган вақтда ДХХ ходимлари томонидан ушланган.
Элтузар хабарига кўра, Шовотда икки йил давомида 17 нафар ҳоким ёрдамчисига нисбатан фирибгарлик, қалбаки ҳужжат тайёрлаш ва давлат мулкини ўзлаштириш моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Мурожаат муаллифлари бу ишлар ортида собиқ туман прокурори Р. Машарипов турганини иддао қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, терговчи ва судья жазо олган, бироқ асосий ташкилотчи сифатида тилга олинаётган прокурорга нисбатан ҳануз чора кўрилмаган.
Ҳозирча Бош прокуратура ёки бошқа ваколатли идоралар ушбу иддаолар юзасидан расмий муносабат билдиргани маълум эмас.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг