Шимолий Корея доҳийси Ким Чен Ин мамлакат маъмуриятини ядро арсеналини кенгайтиришга даъват қилди.

Пайшанба куни ҳарбий саноат объектига ташриф буюрган Ким Чен Ин қурол сифатидаги ядровий материал ишлаб чиқариш қуввати беш йил аввалгига нисбатан икки баравардан ҳам кўпроқ ошганини маълум қилди. Бу ҳақда давлат ахборот агентлиги — Korean Central News Agency (KCNA) хабар берди.

Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, мазкур кенгайтириш ишлари хавфсизликка таҳдидларнинг кучайиши ва «энг ашаддий душманлар» билан узоқ муддатли қарама-қаршилик туфайли зарур бўлиб, бу Шимолий Кореянинг ядровий тийиб туриш салоҳиятини янада мустаҳкамлаш сиёсатига мос келади.

Шунингдек, Ким янги ва замонавий технологиялар жорий этилган ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди ҳамда ҳозирги ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва келгуси режалар ҳақида маълумот олди.

KCNA томонидан эълон қилинган суратларда Ким кумушранг қувурлар ва ускуналар билан тўлдирилган тор йўлакларда юраётгани акс этган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, мазкур ташриф Шимолий Кореянинг ядросизланиш масаласида муросага тайёр эмаслигини намойиш этишга қаратилган.

Пайшанба куни ядровий кучларни янада кенгайтириш масаласига бағишланган муҳим маслаҳат йиғилиши ҳам ўтказилган. Шимолий Корея «давлатнинг ядровий кучларини экспоненциал суръатларда кучайтиришга қаратилган улкан келажак режаси»ни амалга ошириш тартиби ва хавфсизлик чораларини белгилаб олган.

Мамлакат раҳбари буни «ядровий салоҳиятни жадал равишда янги босқичга олиб чиқадиган тарихий воқеа» деб атади.

Ушбу хатти-ҳаракат, АҚШ билан эҳтимолий дипломатик мулоқотлар олдидан, Пхеньяннинг «ядросизланиш муҳокама қилинадиган вариант эмас» деган позициясини яна бир бор намоён этди.

Ижтимоий тармоқларда Ким Чен Ин ўйинга (урушга) қўшилолмаётган кўп ўйинчоғи (ядро қуроли) бор тантиқ бола образида гавдлантирилади, ҳарқалай шундай мэмлар трендга айланган. Ким Чен Ин дарҳақиқат қурол сонини оширмоқда.