САУДИЯ АРАБИСТОНИ, ТУРКИЯ ВА ПОКИСТОН МАККАДА ЎЗАРО МУДОФАА КЕЛИШУВИНИ ИМЗОЛАДИ
Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон Маккада ужум ҳолатида бир-бирини қўллаб-қувватлаш, қўшма ҳарбий тайёргарлик ва мудофаа саноатида ҳамкорлик қилишни кўзда тутувчи мудофаа келишувини имзоладилар. Аммо келишувнинг тўлиқ механизми ҳозирча ошкор этилмади.
Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон 7 август куни Макка шаҳрида уч томонлама қўшма мудофаа келишувини имзолади.
Келишув Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф иштирокидаги учрашув якунлари бўйича қабул қилинди.
Ҳужжатнинг энг муҳим бандига кўра, уч давлатдан бирига қарши амалга оширилган қуролли ҳужум бошқа иштирокчиларга ҳам қилинган ҳужум сифатида баҳоланиши назарда тутилган.
Томонлар келишувни муайян бир давлатга қарши қаратилган ҳарбий иттифоқ эмас, балки минтақада тийиб туриш қобилиятини кучайтириш ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш воситаси сифатида тақдим этмоқда.
Келишув доирасида қўшма ҳарбий тайёргарлик, қуролли кучларнинг ўзаро мувофиқ ишлашини кучайтириш, мудофаа саноатида ҳамкорлик ва хавфсизлик соҳасида ахборот алмашинувини кенгайтириш масалалари ҳам кўзда тутилган.
Бироқ келишувнинг тўлиқ матни ҳозирча жамоатчиликка эълон қилинмаган. Шу сабаб ҳар қандай ҳарбий тўқнашувда Туркия, Саудия Арабистони ёки Покистоннинг автоматик равишда урушга киришиши шартми-йўқми, “қуролли ҳужум” тушунчаси қандай изоҳланиши ва қарор қабул қилиш механизми қандай ишлаши ҳозирча номаълум.
Келишув Яқин Шарқдаги кескинлик, Эрон атрофидаги ҳарбий қарама-қаршиликлар, Қизил денгиздаги хавфсизлик муаммолари ва минтақада Америка хавфсизлик кафолатларига нисбатан саволлар кучайган бир пайтда имзоланди.
Уч мамлакат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик аввалдан мавжуд эди. Саудия Арабистони ва Покистон узоқ йиллардан бери яқин мудофаа алоқаларига эга. Туркия эса сўнгги йилларда Саудия билан ҳарбий технологиялар, хусусан дронлар ва мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорлигини сезиларли даражада кенгайтирди.
Покистон ҳам Туркия билан авиация, ҳарбий кемасозлик, қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва кадрлар тайёрлаш соҳасида яқин ҳамкорлик қилиб келади.
Шу боис Макка келишуви уч давлат ўртасидаги алоҳида икки томонлама ҳарбий муносабатларни биринчи марта ягона сиёсий-мудофаа формуласига бирлаштираётгани билан аҳамиятли.
Келишув имзоланиши ортидан уни “Ислом НАТОси” деб атаётган шарҳлар ҳам пайдо бўлди. Бироқ ҳозирча бундай таърифга эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. НАТОдан фарқли ўлароқ, янги уч томонлама тузилманинг умумий қўмондонлиги, доимий штаби ёки интеграциялашган ҳарбий инфратузилмаси борлиги ҳақида маълумот берилмаган.
Шунга қарамай, Саудия Арабистонининг молиявий имкониятлари, Туркиянинг ривожланаётган ҳарбий саноати ва Покистоннинг катта армияси ҳамда ядровий давлат мақоми ушбу келишувни минтақа учун жиддий стратегик воқеага айлантирмоқда.
Элтузар ушбу келишув Яқин Шарқ, Эрон, Исроил, Ҳиндистон, АҚШ ва минтақадаги кучлар мувозанатига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақидаги алоҳида таҳлилни эълон қилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг