РОССИЯДА МИГРАНТЛАР УЧУН ДАВЛАТ БОЖЛАРИ 5–12 БАРАВАР ОШИРИЛДИ
Россия президенти Владимир Путин мигрантлар билан боғлиқ ҳужжатлар учун давлат божларини кескин оширишни кўзда тутган қонунни имзолади. Энди фуқаролик, яшаш гувоҳномаси ва рухсатномаларни расмийлаштириш бир неча баробар қимматга тушади.
Россия президенти Владимир Путин миграция соҳасидаги давлат божларини кескин оширишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Ҳужжат расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган.
Қонунга кўра, Россия фуқаролигини расмийлаштириш учун давлат божи 12 баравар оширилади — 4 200 рублдан 50 000 рублгача. Вақтинча яшашга рухсатнома олиш учун тўлов 1 920 рублдан 15 000 рублгача, яъни қарийб 8 баравар кўтарилади.
Шунингдек, яшаш гувоҳномасини расмийлаштириш учун давлат божи 6 000 рублдан 30 000 рублгача оширилади. Бу амалда ушбу тўловнинг 5 баравар қимматлашишини англатади.
Қонун мигрантлар билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар учун ҳам тўловларни оширади. Жумладан, хорижлик ишчиларни жалб қилишга рухсатнома учун тўлов ҳар бир мутахассис ҳисобидан 15 000 рублгача белгиланади.
Россия расмийларига кўра, ўзгаришлар федерал бюджет даромадларини ошириш мақсадида қабул қилинган. Қонун расмий эълон қилинганидан бир ой ўтгач кучга киради.
Шу билан бирга, айрим тоифадаги хорижликлар учун имтиёзлар сақланади. Жумладан, собиқ СССР фуқаролари бўлган ва ватандошларни кўчириш дастурида қатнашувчилар, Россия учун алоҳида манфаатли деб топилган шахслар ҳамда Россия армияси билан шартнома тузган айрим хорижликлар давлат божларидан озод этилиши мумкин.
Мазкур қарор Россияда миграция сиёсати янада қатағонлашиб бораётган бир пайтда қабул қилинди. Янги тўловлар Россияда яшаш, ишлаш ёки фуқаролик олишни режалаштираётган меҳнат мигрантлари учун қўшимча молиявий юк бўлиши кутилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг