Россия Давлат думаси мигрантлар устидан назоратни кучайтиришга қаратилган янги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Ҳужжат баҳорги сессияда қабул қилиниши режалаштирилган.

Қонун лойиҳасига кўра, бир йил давомида 10 ойдан кам ишлаган хорижий фуқароларнинг вақтинчалик ёки доимий яшаш рухсатномаси бекор қилиниши мумкин.

Шунингдек, даромади белгиланган яшаш минимуми миқдоридан паст бўлган мигрантларга ишлаш рухсатномасини узайтириш рад этилиши назарда тутилмоқда.

Янги тартибга кўра, мигрантларнинг даромадлари солиқ органлари томонидан назорат қилинади. Бу маълумотлар мунтазам равишда ички ишлар органларига юбориб борилади. Бундан ташқари, мигрантлар ўз даромадлари ҳақида ҳисобот топширишга мажбур бўлиши ҳам мумкин.

Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, Россияда ишлаётган мигрантлар учун талаблар янада қатъийлашади. Бу, аввало, расмий иш жойига эга бўлмаган ёки даромади етарли даражада тасдиқланмаган хорижий фуқароларга таъсир қилиши мумкин.

Бундай тартиб мигрантларни норасмий меҳнат бозоридан чиқариб, қонуний ишлашга ундаши мумкин. Шу билан бирга, иш берувчилар томонидан расмий шартнома тузмаслик ҳолатлари кўп учрайдиган шароитда, айрим мигрантлар яшаш рухсатномасидан маҳрум бўлиш хавфига дуч келиши эҳтимолдан холи эмас.