РОССИЯДА ҲАРБИЙ РАЗВЕДКАГА МАХФИЙ КАДР ТАЙЁРЛАГАН УНИВЕРСИТЕТ БЎЛИМИ ФОШ ЭТИЛДИ
Москвадаги Бауман техника университетида Россия ҳарбий разведкаси – ГРУ учун айғоқчилар ва киберҳужум мутахассисларини тайёрловчи махфий “4-бўлим” фош этилди. У талабаларни кибероперациялар, ахборот уруши ва диверсияларга ихтисослаштирган.
Москвадаги Бауман номидаги давлат техника университети таркибида Россия ҳарбий разведкаси, яъни ГРУ учун махфий равишда айғоқчилар, хакерлар ва кибероперация мутахассислари тайёрлаб келган бўлим фош этилди.
Халқаро журналистик консорциум қўлга киритган 2 мингдан ортиқ ички ҳужжатларга кўра, университетда расмий ҳужжатларда кўрсатилмаган “4-бўлим” фаолият юритган. Ушбу тузилма талабаларни ГРУнинг киберҳужумлар, сайловларга аралашув ва НАТО давлатларига қарши диверсия операциялари билан боғлиқ бўлинмаларига тайёрлаб берган.
Махфий дастурда талабалар паролларни бузиш, вируслар яратиш, DDoS ҳужумлар уюштириш ва хорижий мудофаа тармоқларидаги заифликлардан фойдаланишни ўрганган. Айрим машғулотлар АҚШ Мудофаа вазирлиги тармоқларига ўхшаш тизимларда амалий синовлар билан якунланган.
Бундан ташқари, дастурда ахборот уруши, пропаганда, экспериментал психология ва дезинформация бўйича ҳам дарслар ўтилган. Талабаларга Украина ва Ғарб ҳақида Кремль тарғиботига мос маълумотлар сингдирилган.
Бўлимга ГРУ подполковниги Кирилл Ступаков раҳбарлик қилган. Ҳужжатларда 2016 йилги АҚШ сайловларига аралашувда айбланган Fancy Bear гуруҳи қўмондони Виктор Нетишко ва Европадаги киберҳужумлар учун Британия санкцияларига тушган Юрий Шиколенко исмлари ҳам учрайди.
Маълумотларга кўра, ҳар йили 10–15 нафар талаба ўқишни тугатмасиданоқ ГРУ бўлинмаларига бириктирилган. Улардан айримлари Fancy Bear ва Sandworm каби машҳур кибергуруҳларга юборилган. Sandworm Украина электр тармоқларига ҳужумлар ва Польша инфратузилмасига қарши киберамалиётлар билан боғланади.
Фош этилган ҳужжатлар Россияда олий таълим муассасалари ҳарбий разведка ва киберуруш тизимига қанчалик чуқур боғланганини кўрсатмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг