Россияда 18–20 сентябрь кунлари Давлат думасининг IX чақириқ депутатлари сайлови бўлиб ўтди. Овоз бериш жараёнида бир қатор қонунбузарликлар ва эҳтимолий қоидабузарликлар ҳақида хабарлар тарқалди.

Масалан, Россия Марказий сайлов комиссияси Марий Элдаги 343-сайлов участкасида бюллетенларни қутига ноқонуний ташлаш ҳолати тасдиқланган. Уч нафар участка комиссияси аъзоси ишдан четлатилган, қути муҳрланган ва ундаги бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилиши белгиланган. Якутскда эса бюллетенлар сақланган сейф-пакет бутунлиги бузилгани сабабли участка комиссияси раиси ва унинг ўринбосари четлатилди.

Коми Республикасида бир партия фойдасига олдиндан белги қўйилган 48 та бюллетень аниқланди ва далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Марказий Сайлов Комиссияси раиси Элла Памфилова ушбу ҳолат атайлаб уюштирилган провокация бўлиши мумкинлигини билдирди.

Мустақил кузатувчилар ва мухолифат партиялари вакиллари айрим участкаларда кузатувчиларни киритмаслик ёки уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш, фото ва видео олишни чеклаш, ҳужжатларни тақдим этмаслик каби ҳолатлар ҳақида хабар бермоқда.

«Выборы 2026 – наблюдаем вместе!» лойиҳаси дастлабки икки кунда эҳтимолий қоидабузарликлар бўйича 400 дан ортиқ хабар олганини маълум қилди. Шу билан бирга, Россия Жамоат палатаси кузатувчилари сайлов участкаларининг аксариятида овоз бериш штат режимида ўтаётганини ва сайловчилар иродасига оммавий таъсир кўрсатадиган қўпол қонунбузарликларни қайд этмаганини билдирмоқда.

МСК раиси Памфилова қонунбузарликка йўл қўйган сайлов комиссияси аъзолари жавобгарликдан ҳимоя қилинмаслигини таъкидлади.