Россия Беларусни Украинага қарши урушда янада фаолроқ иштирок этишга ундаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. «The Wall Street Journal» нашри маълумотларига кўра, Кремл сўнгги ойларда Минскка бўлган босимни кучайтириб, Беларусь ҳудудидан ҳарбий мақсадларда кенгроқ фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Москва Беларусь ҳудудидан зарба берувчи дронлар учун инфратузилма сифатида фойдаланиш ва Украинанинг шимолий чегарасида қўшимча хавф яратишни кўзламоқда. Бу орқали Киевни фронтнинг бошқа йўналишларидан куч ва ресурсларни қайта тақсимлашга мажбур қилиш режалаштирилган.

WSJ маълумотларига кўра, Кремл Беларусь ҳудудидан НАТО давлатларига қарши турли гибрид провокациялар уюштириш эҳтимолини ҳам кўриб чиқмоқда. Бундай ҳаракатлар Альянснинг реакциясини синаб кўриш ва Ғарб эътиборини Украинадан чалғитиш воситаси сифатида баҳоланмоқда.

Мақолада таъкидланишича, Россиянинг асосий таъсир воситаларидан бири Беларусь иқтисодиётининг Москвага юқори даражада боғлиқлигидир. Нашр манбаларига кўра, Кремл Минскка Россия талабларини рад этиш жиддий иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англатмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирча Беларусь армиясининг Украинадаги жангларда бевосита иштирок этиши ҳақида маълумот йўқ. Аммо Украина ва Ғарб давлатлари Россиянинг Беларусь ҳудудидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиши ортиб бораётганидан хавотир билдирмоқда.