РОССИЯ 8 МАЙДАН БОШЛАБ ЎТ ОЧИШНИ ТЎХТАТИШИНИ БИЛДИРДИ
Россия Мудофаа вазирлиги 8 май ярим тундан 10 майгача фронтдаги барча жанговар ҳаракатлар ва Украинадаги ҳарбий объектларга зарбаларни вақтинча тўхтатишини эълон қилди. Киев эса Москва 6 майда эълон қилинган сулҳни бузганини айтмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги 8 май ярим тундаан 10 майгача ўт очишни тўхтатиш режимига амал қилишини маълум қилди.
Вазирлик баёнотига кўра, бу даврда Россия қўшинлари фронтдаги жанговар ҳаракатларни “тўлиқ тўхтатади”.
Шунингдек, Россия томони Украина ҳудудидаги ҳарбий объектлар ва ҳарбий саноат инфратузилмасига ракета, артиллерия, узоқ масофали юқори аниқликдаги қуроллар ҳамда дронлар орқали зарбалар ҳам вақтинча тўхтатилишини билдирган.
Москва Украина томони сулҳ режимини бузса, Россия армияси “мос жавоб қайтариши”ни ҳам таъкидлаган.
Украина президенти Владимир Зеленский эса Россия Киев томонидан 6 май куни эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украина “вазиятга қараб ойна каби жавоб қайтаради”.
Айни пайтда Киев 9 май кунлари эълон қилинган сулҳга қўшилиш-қўшилмаслиги бўйича расман тасдиқ бермаган.
Зеленский ўз мурожаатида Россия ҳар куни урушни тўхтатиш имкониятига эга эканини таъкидлаб, “одамлар ҳаётини парадлардан устун қўйиш керак”лигини айтган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг