Оммавий ахборот воситалари ва айрим манбаларда россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг май ойида Киевга махфий ташриф буюргани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Маълум қилинишича, Абрамович 21 май куни Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашган. Манбаларнинг иддао қилишича, ташриф давомида Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий музокаралар, шунингдек, давлат раҳбарларининг шахсий учрашуви масалалари муҳокама қилинган.

Абрамович Москвага қайтгач, Зеленскийнинг Владимир Путин билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш ҳақидаги таклифини Россия раҳбариятига етказгани иддао қилинмоқда. Шу билан бирга, Украина томони Абрамовичга нисбатан айрим ғарб санкцияларини юмшатиш имкониятларини кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар тарқалди. Бу маълумотлар расман тасдиқланмаган.

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путинга очиқ мактуб йўллаб, шахсий учрашув орқали урушни тугатиш имкониятларини муҳокама қилишни таклиф этган эди. Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида чиқиш қилиб, ҳозирча бундай учрашув учун асос кўрмаётганини билдирган.

Ҳозирча Абрамовичнинг эҳтимолий ташрифи ва унда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Кремль ҳам, Украина президенти маъмурияти ҳам расмий баёнот бермади.