Эрон Ислом Республикаси Мажлиси раиси Муҳаммадбоқир Қолибоф X тармоғида Трампга қарата шундай ёзди:

“Қулоқ тут…

Мен ўн саккиз ёшимда қўлимга қурол олдим ва азиз ҳамда енгилмас Эрон тупроғини ҳимоя қилиш учун жанг майдонининг қоқ марказига кирдим. Мен таниб-билган, юрагимга макон бўлган ягона маскан шу Ватан эди.

Менинг акам Ҳасан ҳам ўша жангда юртимиз йўлида борини бағишлади. Аммо у ҳеч қачон уйга қайтмади. Орадан қанча вақт ўтмасин, қалбим ҳануз уни бир бор бўлса-да бағримга босиш орзуси билан яшайди. Бундай алам эркак қалбидан ҳеч қачон бутунлай аримайди.

У ёлғиз эмас эди. Мен яна шундай биродарларимдан айрилдимки, улар менга қондош бўлмасалар-да, жонимга оиламдек яқин эдилар. Улар шердек олишдилар ва менинг борлиғимнинг абадий бир бўлагига айландилар.

Биз шундай халқмиз. Биз севган замин учун бор-йўғимизни аямаймиз. Ёшлигимизни, қонимизни, ҳатто ҳали яшалмай қолган барча эрталаримизни ҳам Эронга бағишладик.

Биз уруш истайдиган халқ эмасмиз. Аммо Ватан ҳимояси ҳақида сўз кетганда, ҳар биримиз аскарга айланамиз.

Мана, шу кунларда, бир ҳафта ичида бутун мамлакат бўйлаб қудратли миллий сафарбарлик эълон қилинди. Қарийб етти миллион эронлик қўлига қурол олиб, ўз юртини ҳимоя қилишга шай эканини билдирди.

Шуни очиқ ва юракдан айтаман: эронликлар Ватан ҳимояси ҳақида гапирибгина қолмайдилар, бу йўлда қон ҳам тўкадилар. Биз буни илгари ҳам исботлаганмиз ва керак бўлса, яна исботлашга тайёрмиз.

Агар хонадонимизга тажовуз қилсанг… қаршингда бутун бир оилани кўрасан.

Биз тайёрмиз. Қўлимизда қурол, қалбимизда матонат билан барқарор турибмиз.”