QATAR AIRWAYS ЎЗБЕКИСТОНДАН ИШЧИ ҚАБУЛ ҚИЛАДИ
Qatar Airways ўзбекистонлик мутахассисларни стюard, муҳандис ва аэропорт ходими лавозимларига ишга қабул қилишни бошламоқда. Компания босқичма-босқич 1 600 нафаргача олий маълумотли кадрlarni жалб этишни режалаштирган.
Ўзбекистон фуқаролари учун Қатар авиация соҳасида янги иш ўринлари очилиши кутилмоқда. Доҳада бўлиб ўтган музокаралар давомида Ўзбекистон Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг Қатардаги элчихонаси вакиллари Қатар томони билан меҳнат миграцияси ва фуқароларни ишга жойлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар натижасида Qatar Airways компаниясида ўзбекистонлик мутахассисларни босқичма-босқич ишга қабул қилиш бўйича келишувга эришилган. Дастлабки босқичда жорий йилнинг май–июнь ойларида 65 нафар номзод танлаб олинади. Улар стюард ва стюардессалар, муҳандислар ҳамда аэропорт ходимлари лавозимларига ишга жойлаштирилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, Qatar Airways келгусида Ўзбекистондан 1 600 нафаргача олий маълумотли мутахассисни жалб этишни режалаштирмоқда. Улар учувчилик, механика, электр муҳандислиги ва умумий муҳандислик йўналишларида ишлаши мумкин.
Қатар томони билан музокараларда мамлакат меҳнат бозорининг тиббиёт, туризм, авиация ва ахборот технологиялари соҳаларидаги эҳтиёжлари ҳам муҳокама қилинган. Шунингдек, Ўзбекистонда халқаро стандартларга мос мутахассислар тайёрлаш, мақсадли ўқув дастурларини йўлга қўйиш ва идоралараро ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишувларга эришилган.
Бундан ташқари, 2026 йил сентябрь ойида Тошкентда Ўзбекистон–Қатар иш берувчилар форумини ўтказиш режалаштирилган. Унда Қатардан 50 дан ортиқ иш берувчи иштирок этиши кутилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг