ЎЗБЕКИСТОНДА ЖИСМОНИЙ ШАҲСЛАРГА STARLINK ОЛИБ КИРИШ НЕГА ТАҚИҚЛАНГАН?
Самарқандда божхоначилар декларация қилинмаган Starlink терминалини ушлади. Мутахассислар бу каби сунъий йўлдош интернет қурилмаларини Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан рухсатсиз олиб кириш қатъиян тақиқланганини эслатмоқда.
1 апрель куни Самарқанд вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати мамлакатга Starlink терминалини ноқонуний олиб кирган ҳайдовчи ушланганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, қурилма машҳур сунъий йўлдош интернет тизими — SpaceX томонидан ишлаб чиқарилган.
Ҳодиса Самарқанд вилоятидаги “Жартепа” божхона постида содир бўлди. Текширув вақтида автомобил салонидан декларация қилинмаган ва рухсатномасиз олиб кирилган Starlink терминали топилди. Қурилманинг қиймати тахминан 6 миллион сўмга баҳоланди.
Божхона қўмитасига кўра, бундай қурилмаларни мамлакатга эркин олиб кириш қатъиян тақиқланган. Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар уларни ноқонуний равишда олиб киришга уринмоқда.
Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида иш қўзғатилган. Эҳтимол, гап 278-7-модда (телекоммуникация тармоқларидан ноқонуний фойдаланиш) ҳақида кетмоқда. Унга кўра, жарима, 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Мутахассислар хулосасига кўра, ушбу спутник алоқа қурилмасини Ўзбекистон ҳудудида махсус рухсатсиз олиб кириш ва ишлатиш мумкин эмас. Айни пайтда бундай ускуналарни қонуний тарзда импорт қилиш фақат давлат ташкилотлари ёки расмий импортёрлар орқали амалга оширилади. Starlink хизмати Ўзбекистонда ҳали расман ишга тушмаган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг