NASA Халқаро космик станцияда (ХКС) олиб борилаётган таъмирлаш ишлари муносабати билан астронавтларга Dragon космик кемасига вақтинча эвакуация қилиниши бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, таъмирлаш ишлари Россиянинг «Звезда» модулидаги ўтиш камерасида аниқланган ҳаво сизиб чиқиши ҳолатлари сабаб бошланган.

Россия Федерал космик агентлиги — Роскосмос ҳам ХКСнинг Россия сегментида ҳаво сизиб чиқаётган иккита нуқта аниқланганини тасдиқлади. Агентлик хабарига кўра, аниқланган ёриқлардан бири аллақачон герметик ёпилган.

Мутахассислар қолган нуқсонларни бартараф этиш ва станциянинг хавфсиз фаолиятини таъминлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда.