«Чехияда РПЦ митрополити Иларионнинг автомашинасидан топилган оқ рангли модда кокаин экани аниқланди», деб хабар берди чех полицияси вакили маҳаллий нашрга.

Руҳоний (асл исми — Григорий Алфеев) 24 май куни Карлови Вари шаҳридан чиқиб кетганидан сўнг қўлга олинган. Бироқ кўп ўтмай унга ҳеч қандай айблов қўйилмасдан озод қилинган ва у Россияга қайтган.

«Мен ноқонуний гиёҳванд моддалар муомаласига ҳеч қандай алоқадор эмасман ва ҳеч қачон алоқадор бўлмаганман», — деган эди митрополит.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса унинг қўлга олинишини «олдиндан сценарий асосида ташкил этилган провокация» деб баҳолади.

Ушбу воқеадан сўнг Патриарх Кирилл Алфеевни Аргентина ва Жанубий Америка епархияси таркибидаги Бразилияда хизмат қилишга юборди. Бунгача митрополит Карлови Варидеги православ черковида хизмат қилиб келган.