Малайзияда гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб, аввал ўлим жазосига ҳукм қилинган уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг жазоси 30 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Ҳозирда улар жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, жиноят иши 2010 йилга бориб тақалади. Ўша йили Куала-Лумпур халқаро аэропортида уч нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган, уларнинг юкларидан 12 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар топилган. Кейинчалик Малайзия суди уларни ўлим жазосига ҳукм қилган.

Вазирликка кўра, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси бир неча йил давомида ватандошларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўрган. 2013, 2014, 2016 ва 2020 йилларда Малайзия давлат органларига маҳкумларни афв этишни сўраб мурожаатлар юборилган.

Малайзияда ўлим жазосини ижро этишга мораторий жорий этилгани ва бундай ҳукмларни қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи қонунчилик қабул қилинганидан сўнг, мамлакат Олий суди ишни қайта кўриб чиққан. Натижада ўлим жазоси 30 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилган.

Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, жазо муддатини ҳисоблаш тартиби ҳамда яхши хулқ-атвор учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар инобатга олинса, маҳкумлар 2030 йилда озодликка чиқиши кутилмоқда.