Эрон Ҳурмуз бўғозини қайта очишга шошилмаяпти. Теҳроннинг АҚШ билан музокаралардаги бош вакили Муҳаммад Боқир Қолибоф баёнотига кўра, сулҳ келишуви амалда бузилаётган бир пайтда бу стратегик денгиз йўлагини очиш “имконсиз”.

Ғолибофнинг айтишича, гап фақат баёнотлар ёки дипломатик норозиликлар ҳақида эмас. У АҚШнинг Эрон портларига нисбатан денгиз блокадасини жаҳон иқтисодиётини “гаровга олиш” деб атади. Исроилни эса “барча фронтларда уришни кучайтириш”да айблади.

Эрон вакили ўз баёноти билан Теҳрон босим остида орқага чекиниш ниятида эмаслигини билдирб қўймоқчи. У X тармоғида ёзган фикрларида АҚШ ва Исроилга ишора қилиб, улар “ҳарбий тажовуз билан ҳам, тазйиқ ва қўрқитиш билан ҳам мақсадига ета олмаслиги”ни билдирди.

Қолибофга кўра, можародан чиқишнинг ягона йўли Эрон халқи ҳуқуқларини тан олишдан бошланади. Яъни Теҳрон учун масала фақат денгиз йўли ёки иқтисодий босим ҳақида эмас, балки сиёсий ирода ва суверенитет ҳақида ҳам кетмоқда.

Маълумотларга кўра, Қолибоф шу ҳафта Покистонда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс билан музокара ўтказиши кутилган эди. Аммо ҳозиргача бу учрашув бошлангани йўқ.

Бу орада Дональд Трамп кеча тугаши керак бўлган АҚШ–Эрон оташкесимни узайтирганини маълум қилди. Орадан кўп ўтмай, Эрон Ҳурмуз бўғозида икки юк кемасини “қўлга олгани”ни билдирди.

Бу Ҳурмуздаги инқироз ҳали якунланмаганини кўрсатмоқда. Дунё нефть йўлларидан бири устида назорат учун кураш янада кескин босқичга кирмоқда.