ҲОМАНАИЙ: “ЭРОН ҚУДРАТИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ АҲОЛИ СОНИ ЎСИШИ БИЛАН БЕВОСИТА БОҒЛИҚ”
Эрон Олий раҳбари аҳоли сони ўсиши мамлакат қудрати ва исломий-эрон цивилизацияси ривожи билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлаб, кўп фарзанд кўриш маданиятини кенг тарғиб қилиш зарурлигини қайд этди.
Эроннинг жаҳон миқёсида таъсирли давлатга айланиши мамлакат тарихидаги муҳим ютуқлардан бири бўлса-да, ушбу мақомни сақлаб қолиш ва уни янада мустаҳкамлаш демографик масалани ҳал этишга бевосита боғлиқ. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикасининг Олий раҳбари маълум қилди.
ИРНА ахборот агентлиги раҳбар девони матбуот хизматига таяниб хабар беришича, Ислом инқилоби Олий раҳбари оятулло Мужтабо Ҳоманаий демографик сиёсат соҳасида фаолият юритувчи жамоатчилик вакиллари гуруҳига жавоб мактуби йўллаган. Фаоллар аввалроқ инқилобнинг аввалги буюк раҳбари шаҳид бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган эди.
Миллий аҳоли куни муносабати билан йўлланган ушбу мактубда оятулло Ҳоманаий аҳоли сони ўсиши, давлат қудрати ва ислом цивилизацияси ривожи ўртасидаги боғлиқликка алоҳида тўхталиб, фаолларни фарзандлилик маданиятини янада кенг тарғиб қилишга чақирди.
Унинг таъкидлашича, халқнинг матонати ва ўзига хос тараққиётининг энг қимматли ва яққол самараларидан бири Эроннинг халқаро майдонда йирик ва таъсирли куч сифатида шаклланганидир.
Олий раҳбар мамлакатнинг мазкур мавқеини сақлаб қолиши ва давлат суверенитетини янада юқори босқичларга олиб чиқиши демографик кўрсаткичлар билан узвий боғлиқ эканини қайд этди.
Шунингдек, аҳоли сонини кўпайтириш заруратини фақат ўтмишдаги айрим сиёсий қарорлар оқибатларини қоплаш уриниши сифатида баҳолаб бўлмаслигини таъкидлаб, бу аввало Эроннинг келажакдаги стратегик ютуқлари учун мустаҳкам пойдевор эканини билдирди.
Оятулло Ҳоманаий фикрича, тўғри демографик сиёсатни изчил ва қатъий амалга ошириш буюк Эрон халқининг янгиланган исломий-эрон цивилизациясини барпо этиш йўлида улкан қадамлар ташлашига хизмат қилади.
Мактуб сўнгида Олий раҳбар жамоатчилик фаолларига фуқаролик масъулияти учун миннатдорлик билдириб, уларнинг оилавий қадриятлар ва туғилиш кўрсаткичларини тарғиб қилишга қаратилган кундалик меҳнати мамлакатнинг барқарор ва ёруғ келажагини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг