«ХАЛҚ СУВАРАКЛАР ПАРТИЯСИ» ТАРАФДОРЛАРИ БОШ ВАЗИР МУХЛИСЛАРИДАН КЎП
Ҳиндистонда Олий суд раиси ёшларни "суварак"ларга қиёслаганидан сўнг, сатирик "Халқ сувараклар партияси" аккаунти бир ҳафтага етмай Instagram’да 18,5 млн обуначи тўплади ва Моди партиясидан ҳам оммабоплашиб кетди.
Ҳиндистондаги сатирик «Халқ сувараклар партияси» аккаунти бир ҳафтага ҳам етмасдан Instagram’да 18,5 миллион обуначи тўплади. Бу кўрсаткич бош вазир Моди раҳбарлигидаги «Ҳиндистон халқ партияси» обуначиларидан икки баробар кўп.
Лойиҳа Ҳиндистон Олий суди раиси Сурья Кантнинг баёнотига жавобан ташкил этилган. NDTV хабар беришича, 15 май куни у иши ва касби бўлмаган, кейин журналист, блогер ёки фаолга айланиб, «ҳаммага ҳужум қила бошлайдиган» ёшларни суваракларга қиёслаган.
Кейинроқ Олий суд раиси бу гаплари орқали сохта дипломли одамларни назарда тутганини, ёшларни умумий тарзда танқид қилмаганини айтди.
Кант изоҳ беришга улгурганида, интернетда сиёсий коммуникациялар бўйича мутахассис ва Бостон университети талабаси Абхиджит Дипке томонидан ташкил этилган сатирик партия аллақачон кенг муҳокама қилинаётган эди. «Сувараклар» бошлаган онлайн ҳаракатни Ҳиндистон мухолифати етакчилари ҳам қўллаб-қувватлади.
«Халқ сувараклар партияс» сайтида айтилишича, унга ишсиз ва дангаса, доим онлайнда ўтирадиган ҳамда «профессионал тарзда норозилик билдиришни» биладиган одамлар қўшилиши мумкин. Дипкенинг сўзларига кўра, лойиҳанинг X тармоғидаги аккаунти Ҳиндистонда аллақачон блокланган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг