ҲАМАС ҚУРОЛСИЗЛАНМАГУНЧА ИСРОИЛ ЧЕКИНМАЙДИ
Жаред Кушнер ва Биньямин Нетаньяху Ғазодаги можарони ҳал этиш бўйича музокараларда ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Исроил қўшинларининг чекиниши тартиби юзасидан келишув изламоқда. Аммо қайси томон биринчи қадам қўйиши масаласи ҳали очиқча қоляпти.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили ва куёви Жаред Кушнер ҳамда Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазодаги можарони ҳал этиш бўйича кейинги ҳаракатлар юзасидан келишувга эришди. Бу ҳақда музокаралардан хабардор манбалар ва Трамп тузган Тинчлик кенгаши вакили маълум қилди.
Кушнер 17 август куни Қуддусда Нетаньяху билан қарийб тўрт соат музокара ўтказди. Учрашувдан бир кун аввал у Мисрда ҲАМАС сиёсий раҳбарияти вакиллари билан ҳам музокара қилган эди.
Музокаралардаги асосий баҳс ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Исроил армиясининг Ғазодан чиқиб кетиши қай тартибда амалга оширилиши атрофида бўлмоқда.
Исроил томони ҲАМАС тўлиқ қуролсизланмагунча армия Ғазодан чиқмаслигини талаб қилмоқда. ҲАМАС эса Исроил аввал ҳарбий ҳужумларни тўхтатиши ва қўшинларни олиб чиқишни бошлаши кераклигини билдирмоқда.
Тинчлик кенгаши расмийсига кўра, қуролсизлантириш ҲАМАС ихтиёридаги барча енгил ва оғир қуролларни топшириш, шунингдек, ерости туннелларини йўқ қилишни қамраб олиши керак. АҚШ томони ҲАМАС ҳарбий фаолиятни, қайта қуролланишни ва янги туннеллар қазишни ҳам тўхтатиши лозимлигини билдирган.
Нетаньяху билан учрашувдан кейин Кушнер Fox News телеканалига берган интервьюсида Ғазони демилитаризация қилиш жараёнида дастлабки натижалар яқин бир ой ичида кўриниши мумкинлигини айтди.
«Биз ҳатто 30 кун ичида муайян силжишни кўришимиз мумкин – қуролларнинг бир қисмини топшириш бошланишига умид қиламиз. Кейинги 60–90 кун ичида айрим туннелларни ҳам ёпиш мумкин», деди Кушнер.
Унинг айтишича, Ғазони қайта қуриш ҳам ҳудуд қуролсизлантирилиши билан бевосита боғланади.
«Бизда Ғазони қайта қуриш режаси бор. Аммо демилитаризация амалга ошмагунча Ғазони қайта қуришга йўл қўймаймиз», деди Кушнер.
Шу билан бирга, АҚШ Исроил учун бевосита хавф пайдо бўлган тақдирда унинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини чекламаслиги ҳам таъкидланди.
Музокаралар якунида Исроил ва Тинчлик кенгаши икки ишчи гуруҳ тузишга келишган. Улардан бири ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Ғазони демилитаризация қилиш масалалари, иккинчиси эса санитария, тоза сув ва бошқа жамоат саломатлиги муаммолари билан шуғулланади.
Бироқ бу ҳали томонлар ўртасида тўлиқ тинчлик келишуви имзоланди, дегани эмас. Reuters маълумотига кўра, Кушнернинг Исроил ва ҲАМАС билан икки кунлик музокараларида асосий зиддият – аввал ҲАМАС қуролсизланадими ёки аввал Исроил қўшинлари чекинадими, деган масала ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.
Шунга қарамай, Тинчлик кенгаши вакили Кушнер ва Нетаньяху ўртасидаги учрашувни «узоқ, батафсил ва жуда самарали» деб баҳолаб, Ғазо бўйича ҳаракатланишнинг кейинги йўли юзасидан келишувга эришилганини билдирди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг