ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ ҲАШАРИ ҚАЧОН ТУГАЙДИ?
Глиэр ихтисослаштирилган мусиқа мактабида “Опен бюджет” учун овоз йиғиш мажбурий талаби, ўқитувчи ва ўқувчиларга босим, пул йиғими ҳамда юқори нархлардаги харидлар ҳақида шикоятлар келмоқда.
Глиэр Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабида ўқитувчилар ва юқори синф ўқувчилари “Опен бюджет” учун овоз тўплашга мажбурланаётгани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди.
Шикоятга кўра, мактаб директори Салим Саймиов ўқитувчиларга камида 10 тадан, 10–11 синф ўқувчиларига эса 5 тадан овоз йиғишни талаб қилмоқда. Айрим ҳолатларда ўқувчилар дарсхонага қамаб қўйилиб, овоз бермагунча чиқарилмади.
Шунингдек, “овоз сотиб олиш” учун ҳар бир ўқитувчидан 30 минг сўмдан йиғилгани ҳам таъкидланмоқда. Мактабда камида 400 нафар ходим борлиги ҳисобга олинса, бу анча катта маблағга айланади.
«Аввалги йилларда “ташаббус” доирасида харид қилинган жиҳозлар нархи бозрдан анча юқори. Масалан, битта кресло 5 миллион сўмга расмийлаштирилган, ҳолбуки, ҳатто онлайн дўконларда ҳам бундай креслолар анча арзон нархларда сотиляпти» – дейди жамоа вакиллари.
Шикоятлардан фойда йўқ, мактабда “гапирсанг ишдан кетасан”, деган таҳдидлар, тушунтириш хатлари, дарс пайтида ҳатто ўтиришга ҳам чекловлар қўйиб ўқитувчиларга босим қилинмоқда.
Минбарларда таълим муассасалари ташаббусли бюджетга аралашмасин деган кўрсатмалар янграган эди, амалда эса ўқитувчию-ўқувчилар ҳамон овоз дардида сарсон юрибди. Масъул ташкилотлар мазкур ҳолатга муносабат билдириб очиқ баёнот бериши лозим.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг