Францияда дунёдаги энг оғир ва ўз даврида энг қиммат китоб деб эътироф этилган 210 килограммлик ноёб «Апокалипсис» китоби ўғирланди. Бу ҳақда ICI радиостанцияси китоб эгаси ва прокуратура маълумотларига таяниб хабар берди.

«Апокалипсис» 1961 йилда Иоанн Богословнинг «Ваҳий» асари асосида яратилган. Китобнинг олтин ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган бронза муқоваси машҳур испан рассоми Сальвадор Дали томонидан ишланган.

Ушбу ноёб асарни яратишда ўндан ортиқ таниқли рассом ва адиблар иштирок этган. Улар орасида Жан Кокто, Жан Жионо ва Бернар Бюффе каби машҳур ижодкорлар ҳам бор.

Прокуратура маълумотига кўра, китоб 5 октябрга ўтар кечаси Франциянинг Иссуар шаҳридаги Замонавий санъат марказидан ўғирланган.

Ҳозирча ўғирлик қандай содир этилгани ҳақида батафсил маълумот берилмади.

Китобнинг ҳозирги эгаси аввалроқ AFP агентлигига маълум қилишича, «Апокалипсис» яратилган вақтда қарийб 305 минг еврога баҳоланган. Ўша давр учун бу дунёдаги энг қиммат китоб ҳисобланган.

Асарнинг бугунги кундаги қиймати маълум қилинмаган. Иссуар мэрининг таъкидлашича, ўғирлик оқибатида етказилган зарарни «баҳолаб бўлмайди».