Эронга қаратилган ҳарбий ҳужумлар яна бошланса, мамлакат уранни 90% гача бойитишга киришади. Бу ҳақда Ислом Республикаси парламентининг миллий хавфсизлик бўйича комиссияси раиси, депутат Иброҳим Ризоий маълум қилди.

«Такрорий ҳужум юз берган тақдирда, Эроннинг вазифаларидан бири уранни 90% гача бойитиш бўлиши мумкин. Бу режа Мажлисда муҳокама қилинмоқда», — деб ёзди депутат X ижтимоий тармоғидаги саэифасида.

Апрель ойидан бери АҚШ ва Эрон ўртасида муваққат сулҳ амал қилмоқда. Томонлар можарони ҳал қилиш бўйича таклифлар алмашган, аммо музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. 10 май куни АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳроннинг тинчлик режасини «қабул қилиб бўлмас» деб атаган эди. Яқин орада Трамп маслаҳатчилари билан ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш масаласини муҳокама қилишга киришиши мумкин.

Катта эҳтимол билан, жиддий муҳокамалар президентнинг Хитойга сафаридан кейин ўтказилади.