Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий якшанба куни минтақадаги ҳукуматлар “товон талаб қилиш мавқеида эмас”лигини билдирди. У бу билан АҚШ Эрон активларидан уруш оқибатида зарар кўрган минтақавий иттифоқчиларини қоплаш учун фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Ғарибободий X ижтимоий тармоғидаги баёнотида Эрон активлари “Вашингтон учун уруш ўлжаси ҳам, унинг иттифоқчилари учун тўлов жамғармаси ҳам эмас”лигини таъкидлади.

Reuters масаладан хабардор манбага таяниб, АҚШ Эрон келтириши мумкин бўлган келгуси зарарлардан сўнг қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларини қўллаб-қувватлаш учун Эрон активларини Форс кўрфази давлатлари ихтиёрига бериши мумкинлигини хабар қилган эди.

Манбага кўра, Вашингтон мазкур активлардан аввал етказилган зарарларни қоплаш учун ҳам фойдаланишни кўриб чиқади. АҚШ молия вазири Скотт Бессент эса Эрон томонидан кўрфаздаги иттифоқчиларга етказилган зарар миқдорини баҳолаш учун махсус гуруҳга топшириқ берган.

Уруш давомида Эрон минтақадаги бир қатор Форс кўрфази давлатларига ракета ва дрон ҳужумлари уюштирган. Теҳрон бу ҳужумлар АҚШ ва Исроил манфаатларига қаратилганини билдирган.

Шанба куни Эрон Қувайт ва Баҳрайндаги АҚШ базаларига баллистик ракеталар учирганини маълум қилди. АҚШ ҳарбийлари олтита ракета уриб туширилгани, еттинчиси эса нишонга етиб бормаганини билдирди. Қувайт моддий зарар етганини, аммо қурбонлар йўқлигини маълум қилди, Баҳрайн эса аҳолини бошпана топишга чақирди.

Rystad Energy тадқиқот компаниясининг апрель ойидаги ҳисоботига кўра, Яқин Шарқдаги можаро фақат энергетика инфратузилмаси билан боғлиқ таъмирлаш харажатларини 58 миллиард долларгача етказиши мумкин.

Ғарибободийнинг таъкидлашича, Эрон ҳукуматининг розилигисиз унинг активларини мусодара қилиш, ўтказиш ёки тақсимлаш “халқаро ҳуқуққа зид янги ҳаракат” ҳисобланади. Унинг айтишича, бу Вашингтон Теҳрон билан музокара ва келишувга интилаётганини даъво қилаётган бир пайтда АҚШ масъулиятини келтириб чиқаради.

У бундай қадам Эрон томонидан “муносиб жавоб”га сабаб бўлишини айтди, аммо тафсилот келтирмади.

Эрон урушни тугатиш бўйича АҚШ билан муҳокама қилинаётган механизм доирасида музлатилган маблағларининг бир қисмини озод қилишни талаб қилмоқда.

Ғарибободий айрим минтақавий ҳукуматлар ўз ҳудуди ва объектларини “Эронга қарши тажовуз хизматига” берганини айтди. Шу сабабли, унинг фикрича, улар товон талаб қилиш мавқеида эмас, аксинча, Эронга етказилган зарарни тўлиқ қоплаши керак.

Теҳроннинг урушни тугатиш бўйича талаблари орасида миллиардлаб долларлик музлатилган активларни озод қилиш, АҚШ ва халқаро санкцияларни бекор қилиш, шунингдек, Ҳурмуз бўғози устидан Эрон таъсирини тан олиш каби шартлар бор.