БОШҚАРУВДАГИ СУИСТЕЪМОЛ ВА СУДДА ЮМШОҚ ҚАРОРМИ? БУХОРОДА ҲОКИМ ЎРИНБОСАРИ ИШИ ЖИДДИЙ САВОЛЛАРНИ ЎРТАГА ЧИҚАРДИ
Бухоро тумани ҳокими ўринбосари бола парвариши нафақаси ва моддий ёрдам тайинлашда яқинларга асоссиз имтиёз бергани, бюджетга 7,8 млн сўм зарар етказгани айтилади. Суд унга 824 минг сўм жарима тайинлагани катта баҳс ва саволларни келтирмоқда.
Бухоро вилояти Бухоро туманида кузатилган бир ҳолат жамоатчиликда жиддий саволлар уйғотмоқда. Гап оддий техник хато эмас, балки мансаб ваколатидан фойдаланиш, бюджет маблағларига зарар етказиш ва суд қарори атрофидаги баҳслар ҳақида кетмоқда.
Элтузар ихтиёрига келиб тушган суд ҳужжатларида қайд этилишича, Бухоро туман ҳокими ўринбосари Баротова Шоҳида Истамовна ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, яқин танишлари бўлган 6 нафар шахсга бола парвариши нафақаси ва моддий ёрдам тайинланишига асоссиз таъсир кўрсатган.
Оқибатда бюджет маблағларидан 7 миллион 800 минг сўм ортиқча тўланишига йўл қўйилгани кўрсатилган. Суд ушбу ҳолатни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 61-моддаси 1-қисми доирасида ҳуқуқбузарлик деб баҳолаган.
2026 йил 24 март куни Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди тергов судьяси Найимов Сурат Садиевич томонидан мансабдор шахс айбдор деб топилиб, унга 824 минг сўм жарима тайинланган.
Энг кўп муҳокама қилинаётган нуқта ҳам айнан шу: бюджетга 7,8 миллион сўм зарар етказилган ҳолатда жарима нега атиги 824 минг сўм?
Жамоатчиликда табиий савол туғилмоқда: бу қонуннинг барчага бир хил ишлаши намунасими ёки мансабдорга нисбатан енгил ёндашувми?
Элтузарга мурожаат қилганлар таъкидлашича, ушбу ишда мансабдор шахсга нисбатан хусусий ажрим чиқарилмаган, профилактик ёки қўшимча таъсир чоралари масаласи ҳам очиқ қолган.
Мурожаатда яна бир жиҳат қайд этилган: суд мажлисига келмаган шахсга нисбатан қарор қабул қилингани, айрим жараёнлар эса жамоатчилик учун етарли даражада очиқ бўлмагани ҳақида эътирозлар билдирилган.
Бу ҳолат “қонун устуворми ёки мансаб устуворми?” деган саволни янада кескинлаштирмоқда.
Чунки масала фақат бир амалдор билан чекланмайди. Бу ҳолат давлат хизматига ишонч, бюджет маблағларига муносабат ва суд тизимининг холислиги ҳақида ҳам жиддий муҳокамаларни келтириб чиқармоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ушбу ҳолатга аниқ ҳуқуқий баҳо берилиши, қарорнинг ҳуқуқий асослари ва қўшимча чоралар нега қўлланмаганига расмий изоҳ берилиши кутилмоқда.
(Давоми бор)
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг