АҚШлик машҳур актёр, «Breaking Bad» сериалидаги Гус Фринг образи билан танилган Жанкарло Эспозито Саудия Арабистонида бўлиб турган пайтида ислом динини қабул қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бу ҳақда Британияда чоп этиладиган Sunday Guardian нашри маълум қилди.

Хабарларга кўра, Эспозито Саудия Арабистонида янги кино лойиҳаси устида ишлаётган вақтда мусулмонлар билан яқин мулоқотда бўлган ва шундан сўнг шаҳодат калимасини айтган.

Саудия Арабистони Кўнгилочар тадбирлар бош бошқармаси раиси Туркий аш-Шайх актёрнинг исломни қабул қилганини тасдиқлаган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Эспозитонинг жамоа аъзолари билан биргаликда масжидда намоз ўқиётгани акс этган.

67 ёшли актёр «Breaking Bad», «Better Call Saul» ва «The Mandalorian» каби машҳур лойиҳалардаги роллари билан бутун дунёга танилган.

У ҳозирда Саудия Арабистонида суратга олинаётган йирик «Seven Dogs» фильмида иштирок этмоқда.

Эспозитонинг исломни қабул қилгани ҳақидаги хабар мухлислар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида катта қизиқиш уйғотди.