Дунёдаги энг бой оилалар АҚШ долларидаги активларга боғлиқликни камайтирмоқда.

Бунга геосиёсий хавфлар, АҚШ давлат қарзининг ўсиши ва долларга нисбатан ишончнинг пасайиши эҳтимоли сабаб бўлмоқда, деб хабар берди Reuters UBS ҳисоботига таяниб.

UBS-нинг 2026 йилги Global Family Office Report ҳисоботига кўра, сўровда қатнашган оилавий конгламератларнинг қарийб учдан икки қисми келаси бир йилда долларнинг глобал захира валюта сифатидаги мавқеига ишонч сусайиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Сўров январь ойидан март охиригача ўтказилган.

Ҳисоботда бой оилалар портфелларини қайта кўриб чиқаётгани, доллар активларига ҳаддан зиёд боғланиб қолиш хавфини камайтиришга ҳаракат қилаётгани қайд этилган.

Айрим инвесторлар маблағларни олтин, евро, инфратузилма лойиҳалари ва ривожланаётган бозорлар акцияларига йўналтиришни режалаштирмоқда.

Reuters таъкидлашича, сўров доллар бир қатор валюталарга нисбатан кучайишидан олдин ўтказилган.

Шу боис таҳлилчилар бу тенденцияни қисқа муддатли валюта ҳаракатидан кўра, бой инвесторларнинг узоқ муддатли хавфларни қайта баҳолаётгани сифатида кўрмоқда.