АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати – ICE ноқонуний миграцияга қарши операцияларда одамга тегиши билан электр импульси берадиган махсус CTG-5 G.L.O.V.E. қўлқопларидан фойдаланиши мумкин.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ҳужжатларига кўра, бундай қурилмалар ICE ходимлари учун куч ишлатишнинг муқобил воситаларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда. Расмийлар уни “вазиятни кескинлаштирмаслик” ва ўқотар қурол ишлатилишигача бормасдан қаршиликни тўхтатиш имконини берувчи восита сифатида таърифлаяпти.

CTG-5 ташқи кўринишидан оддий тактик қўлқопга ўхшайди. Аммо унга электр импульси берувчи махсус тизим ўрнатилган. Ишлаб чиқарувчи маълумотига кўра, қурилма 380 вольтгача кучланиш ҳосил қилиши мумкин. Электр таъсири одамга бевосита тегиш орқали узатилади ва кучли оғриқ ҳамда қисқа муддатли мушак реакциясини келтириб чиқариши мумкин.

Бироқ 380 вольт рақамининг ўзи қурилманинг хавфлилик даражасини тўлиқ англатмайди. Электр таъсири ток кучи, импульс давомийлиги ва унинг инсон танасига қандай узатилишига ҳам боғлиқ. Ишлаб чиқарувчи қурилмани ўлимга олиб келмайдиган ва қисқа муддатли таъсир кўрсатувчи восита сифатида тақдим этмоқда.

ICE ва Ички хавфсизлик вазирлиги нуқтаи назаридан, бундай қўлқоп ходимга қаршилик кўрсатаётган шахсни назоратга олишда электрошокер, қалампир гази ёки ўқотар қуролдан олдин қўлланиши мумкин бўлган қўшимча вариантдир.

Аммо ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар бу режага анча эҳтиёткор қарамоқда.

Уларнинг асосий хавотири – электр таъсирининг ўзи эмас, балки у кимга, қай шароитда ва қанча вақт қўлланиши билан боғлиқ. Қўлқоп ташқи томондан қуролга ўхшамагани учун куч ишлатиш ҳолатини кейинчалик аниқлаш ва баҳолаш ҳам қийинроқ бўлиши мумкин.

Танқидчиларнинг фикрича, айниқса миграция рейдлари ва ҳибсга олиш жараёнларида бундай восита суиистеъмол қилинса, одамни оғриқ орқали бўйсундиришнинг деярли кўринмайдиган шаклига айланиши мумкин.

Ишлаб чиқарувчининг ўзи ҳам қурилмани жазолаш, қийноқ қилиш ёки шахс фақат оғзаки равишда буйруққа бўйсунмагани учун ишлатиш мумкин эмаслигини таъкидлайди. Айрим заиф тоифалар – болалар, ҳомиладор аёллар, кексалар ва саломатлигида жиддий муаммоси бўлган шахсларга нисбатан ҳам алоҳида эҳтиёт чоралари белгиланган.

Шу сабаб CTG-5 атрофидаги баҳс фақат техник масала эмас.

Асосий савол шунда: агар ICE ходимларига одамни электр оғриғи орқали бўйсундириш имкони берилса, бу кучнинг чегарасини ким ва қандай назорат қилади?

Бир томон буни ўқотар қуролга муқобил, камроқ хавфли восита деб ҳисоблаяпти. Иккинчи томон эса назорат ва ҳисобдорлик етарли бўлмаса, “деэскалация воситаси”нинг ўзи инсон ҳуқуқлари учун янги хавф манбаига айланишидан огоҳлантирмоқда.