Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги кескинлик яна марказга чиқди. Пайшанба куни АҚШ ва Эрон уран захиралари ҳамда Ҳурмуз бўғози назорати масаласида ўз қарашларида қатъий қолди. Шу билан бирга, АҚШ давлат котиби Марко Рубио музокараларда “айрим ижобий белгилар” борлигини билдирди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захираларини охир-оқибат қўлга киритишини айтди. АҚШ бу материал ядровий қурол яратиш учун мўлжалланган деб ҳисобламоқда, Теҳрон эса унинг мақсади фақат тинч атом дастурлари билан боғлиқ эканини таъкидлаб келади.

Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Трамп кескин баёнот берди.

“Биз уни қўлга киритамиз. Бизга у керак эмас, хоҳламаймиз ҳам. Эҳтимол, уни олгандан кейин йўқ қиламиз, аммо уларнинг қўлида қолишига йўл қўймаймиз”, деди у.

Марко Рубио эса дипломатик ечим имконияти Ҳурмуз бўғозида тўлов тизими жорий қилиниши билан янада мураккаблашишини айтди. Шу билан бирга, у музокараларда муайян силжиш кузатилаётганини қайд этди.

“Айрим яхши белгилар бор. Ҳаддан ташқари оптимист бўлишни истамайман. Кейинги бир неча кунда нима бўлишини кўрамиз”, деди Рубио.

Reuters манбасига кўра, Эроннинг юқори лавозимли вакили ҳозирча келишувга эришилмаганини, аммо тарафлар ўртасидаги фарқлар қисқарганини айтган. Манбага кўра, уранни бойитиш жараёни ва Ҳурмуз бўғози устидан назорат масаласи ҳали ҳам асосий баҳсли нуқталардан бўлиб қолмоқда.

Бозорлар ҳам музокаралар атрофидаги ноаниқликни ҳис қилди. Пайшанба кунги савдоларда нефть нархлари кескин тебранди.

Трамп баёнотидан аввал Reuters билан суҳбатлашган икки эронлик манба Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Мужтабо Хоманаий уранни хорижга чиқармаслик бўйича кўрсатма берганини айтди.

Трамп, шунингдек, Ҳурмуз бўғозидан фойдаланиш учун тўлов ундириш режаларига қарши чиқди. Урушгача дунё нефти ва табиий газининг қарийб бешдан бир қисми айнан шу стратегик сув йўли орқали ташилган.

“Биз уни очиқ ва эркин кўришни хоҳлаймиз. Тўловлар бўлишини истамаймиз. Бу халқаро сув йўли”, деди АҚШ президенти.

Трамп аввалроқ ҳам Эрон раҳбариятидан “тўғри жавоблар” олмаса, февраль ойи охирида АҚШ ва Исроил бошлаган ҳужумларни қайта тиклашга тайёрлигини билдирган эди.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса эҳтимолий янги ҳужумлар минтақадан ташқари ҳудудларга ҳам тарқалиши мумкин бўлган жавоб чораларини келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирди.