АҚШ БОСИМНИ КУЧАЙТИРДИ, ЭРОН ТАСЛИМ БЎЛМАСЛИГИНИ АЙТДИ
АҚШ Эронга қарши санкциялар рўйхатини кескин кенгайтирди, Теҳрон эса бу чораларни «қўпол қонунсизлик» деб атаб, таслим бўлмаслигини ва суверенитетини ҳимоя қилишини маълум қилди. Минтақадаги ҳарбий таранглик ва Ҳурмуз бўғозидаги хавфли ҳодисалар давом этмоқда.
Эрон АҚШ томонидан мамлакат иқтисодиётини янада яккалашга қаратилган янги санкцияларни кескин қоралаб, уларни «қўпол қонунсизлик» ва халқаро тартибга таҳдид деб атади. Теҳрон Вашингтоннинг босим кампаниясига Хитой, Россия ва бошқа давлатлар тўлиқ қўшилмаслигига ишонч билдирмоқда.
Reuters хабарига кўра, АҚШ молия вазири Скотт Бессент душанба куни Эронга қарши санкциялар кўлами кенгайтирилганини эълон қилди. Янги рўйхатга 60 нафар шахс, компания ва кемалар киритилди.
Бессентнинг айтишича, Эрон билан савдони давом эттирадиган давлатлар ва компаниялар АҚШ долларига асосланган молиявий тизимдан узиб қўйилиши мумкин. Бироқ Вашингтон ҳозирча қайси мамлакат ёки молиявий муассасаларга қарши бундай чоралар қўлланишини очиқламаган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса янги санкциялар «энди фақат Эрон масаласи эмаслигини» таъкидлади.
«Ўз суверенитети ва миллий манфаатларини қадрлайдиган ҳеч бир давлат бундай қўпол қонунсизлик ва тизимли зўравонликнинг одатий ҳолга айланишини қабул қилмайди», – дейилади вазирлик баёнотида.
Эрон иқтисодиёт вазири Али Мадонизода Хитой ва Россия АҚШ талабларини «қабул қилмагани»ни айтди ва бошқа мамлакатлар ҳам Вашингтон босимига қарши туришини билдирди.
Пекин ҳам сешанба куни Эрон билан ҳамкорлик халқаро ҳуқуқ доирасида амалга оширилаётганини билдириб, учинчи томонлар бунга аралашмаслиги кераклигини таъкидлади. Хитой сўнгги йилларда Эрон нефтининг энг йирик харидори бўлиб келган.
Шу билан бирга, минтақада ҳарбий таранглик ҳали ҳам юқори. Эрон Инқилоб посбонлари корпуси вакили мамлакат инфратузилмасига таҳдид туғилса, АҚШ манфаатлари ва стратегик энергетика йўлларига «оғир зарбалар» берилишини маълум қилди.
Сешанба куни Ҳурмуз бўғози кириш қисми яқинида яна бир хавфли ҳодиса қайд этилди. Британиянинг денгиз савдоси операциялари марказига кўра, Уммон соҳилидан тахминан 17 километр узоқликдаги нефть танкери номаълум снаряд билан урилган ва ҳаракатланиш қобилиятини йўқотган.
Айни пайтда Эрон ва Уммон Ҳурмуз бўғози орқали «қўшма вақтинчалик навигация йўлаги» очиш ҳамда миналарни тозалаш режасини муҳокама қилмоқда.
Покистон ҳам можарони юмшатишга ҳаракат қилмоқда. Исломобод расмийларига кўра, Теҳрон билан музокараларда «сезиларли силжиш»га эришилган. Эрон парламенти вакили Аббос Голру Покистон армияси қўмондони Осим Мунир АҚШдан Теҳронга хабар етказганини билдирди.
Reuters манбаларига кўра, Вашингтон Яқин Шарқдаги айрим дипломатик ваколатхоналарига ходимларни қайтаришни ҳам бошламоқда. Бу АҚШ маъмурияти яқин вақт ичида катта ҳарбий эскалация хавфини нисбатан паст деб баҳолаётганидан дарак бериши мумкин.
Бироқ олти ойга яқин давом этаётган урушда минглаб одамлар ҳалок бўлди, Ҳурмуз бўғозидаги кемалар ҳаракати кескин чекланди ва жаҳон энергетика бозори ҳамон минтақадаги ҳар қандай янги тўқнашув хавфини диққат билан кузатмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг