АҚШ ЭРОН РАДАР ТИЗИМИГА ЗАРБА БЕРДИ
АҚШ Эрон ҳудудидаги ҳаво мудофаа ва радар тизимларига аниқ зарбалар берди. Вашингтон буни Ҳурмуз бўғози яқинида Apache вертолёти уриб туширилганига “мутаносиб жавоб” деб атаётир, Теҳрон эса ҳозирча муносабат билдирмади.
АҚШ Қуролли кучлари Эрон ҳудудидаги мудофаа тизимлари ва радар объектларига зарбалар берди. Бу ҳақда Axios нашри америкалик расмий вакилга таяниб хабар берди. Маълумотларга кўра, операция Теҳрон томонидан Ҳурмуз бўғози яқинида АҚШнинг Apache жанговар вертолёти уриб туширилганидан кейин амалга оширилган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги, яъни CENTCOM баёнотида ушбу ҳарбий ҳаракат “асоссиз Эрон агрессиясига мутаносиб жавоб” экани таъкидланган. Қўмондонлик операция тафсилоти ҳақида чекланган маълумот берган, бироқ зарбалар Эроннинг мудофаа инфратузилмасига қаратилганини билдирган.
АҚШ президенти Дональд Трамп сешанба куни қилган чиқишида Эрон бир кун аввал Ҳурмуз бўғози ҳудудида Америкага тегишли Apache жанговар вертолётини уриб туширганини айтган эди. У бу ҳодисани жиддий тажовуз сифатида баҳолаб, ҳарбий жавоб қайтаришни ваъда қилган.
Axios манбасига кўра, АҚШ ҳарбийлари Эроннинг ҳаво мудофааси ва радар тизимларига зарба бериш орқали Теҳроннинг минтақадаги ҳарбий имкониятларини чеклашни мақсад қилган. Ҳозирча ҳужум оқибатида қурбонлар ёки етказилган зарар миқдори ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Ҳурмуз бўғози дунё нефть ташуви учун энг муҳим йўлаклардан бири ҳисобланади. Шу сабабли у ердаги ҳар қандай ҳарбий кескинлик халқаро бозорлар ва минтақавий хавфсизликка бевосита таъсир қилиши мумкин. АҚШ ва Эрон ўртасидаги навбатдаги қарама-қаршилик Форс кўрфази атрофидаги вазият янада кескинлашганини кўрсатмоқда.
Теҳрон ҳозирча АҚШ зарбалари ва вертолёт ҳодисаси юзасидан расмий муносабат билдирмаган. Вашингтон эса операцияни кенг кўламли уруш бошлаш эмас, балки аниқ ҳужум билан чекланган ва мутаносиб жавоб сифатида тақдим этмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг