АҚШ давлат котиби Марко Рубио жума куни Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларда маълум даражада илгарилаш кузатилаётганини билдирди. Бироқ у якуний келишувга эришиш учун ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили икки томон ўртасидаги келишмовчиликлар ҳануз чуқур ва жиддий эканини айтди.

Эрон атрофидаги зиддиятни юмшатишга қаратилган дипломатик ҳаракатлар кучайиб бораётган бир пайтда, Покистон армияси раҳбари жума куни Теҳронга ташриф буюриб, воситачилик саъй-ҳаракатларини давом эттирди. Эрон оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва Покистон ички ишлар вазири Сайид Муҳсин Нақвий ҳам Теҳронда музокара ўтказган.

Шу билан бирга, Қатар ҳам АҚШ билан мувофиқлаштирилган тарзда музокарачилар гуруҳини Эрон пойтахтига юборди. Бу ҳаракатлар олти ҳафтадан бери риоя этилаётган сулҳ шароитида томонлар ўртасидаги асосий келишмовчиликларни ҳал қилишга қаратилган.

Музокараларда айрим фарқлар қисқарганига қарамай, Эроннинг юқори даражада бойитилган урани ва Ҳурмуз бўғози устидан назорат масаласи энг баҳсли нуқталар бўлиб қолмоқда. Уруш бошланганидан бери бўғознинг ёпилиши глобал энергетика инқирозини келтириб чиқарган, чунки жаҳон нефти ва суюлтирилган газининг катта қисми айнан шу йўлак орқали ташилади.

Швециянинг Ҳелсингборг шаҳрида НАТО вазирлари йиғинидан сўнг журналистлар билан мулоқот қилган Марко Рубио эҳтиёткор баҳо берди.

«Маълум илгарилаш бор. Уни ортиқча бўрттирмайман ҳам, кам ҳам демайман. Аммо ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Биз ҳозирча манзилга етганимиз йўқ, аммо етиб боришга умид қиламан», деди у.

Эроннинг ярим расмий Tasnim агентлиги музокараларга яқин манбага таяниб, музокаралар давом этаётганини хабар қилди. Манбага кўра, айрим масалалар бўйича илгарилаш кузатилган, аммо барча баҳсли нуқталар ҳал этилмагунча ҳеч қандай келишув имзоланмайди.

Рубио, шунингдек, Эроннинг Ҳурмуз бўғозида тўлов тизими жорий этиш режаларини яна бир бор қаттиқ танқид қилди ва бу ғояни «қабул қилиб бўлмайдиган» деб атади.

«Биз жуда мураккаб тараф билан ишлаяпмиз. Агар вазият ўзгармаса, президентнинг бошқа вариантлари ҳам борлиги аниқ айтилган», деди АҚШ давлат котиби.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса жума куни катта ўғлининг дам олиш кунларида бўлиб ўтадиган тўйида қатнашмаслигини билдирди. У бу қарорини «муҳим даврда» Вашингтонда қолиши зарурлиги билан изоҳлади, аммо қўшимча тафсилот бермади.

Покистоннинг воситачилик ҳаракатлари ҳам фаоллашмоқда. АҚШнинг навбатдаги таклифини эронликларга етказганидан икки кун ўтиб, Покистон ички ишлар вазири Сайид Муҳсин Нақвий Теҳронда Аббос Ароқчи билан яна музокара ўтказди. Кейинчалик Покистон армияси фельдмаршал Осим Мунирнинг ҳам Теҳронга келганини маълум қилди, аммо ташриф тафсилотлари очиқланмади.

Шунга қарамай, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий дипломатия вақт талаб қилишини таъкидлаб, келишув яқин экани ҳақидаги фикрларни рад этди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирча ядровий масалалар муҳокама қилинмаяпти ва агар АҚШ Эрондаги юқори даражада бойитилган уран захиралари бўйича чуқур тафсилотларга киришни талаб қилса, музокаралар ижобий якун топмайди.

АҚШ ва Исроил урушдаги асосий мақсадлари Эроннинг минтақавий қуролли гуруҳларга ёрдамини чеклаш, ядровий дастурини йўқ қилиш ва ракета салоҳиятини заифлаштириш эканини айтиб келади. Аммо ҳозиргача Эрон қурол даражасига яқин бойитилган уран захираларини сақлаб қолгани, шунингдек ракета, дрон ва иттифоқчи гуруҳлар орқали минтақада таъсир ўтказиш имкониятини йўқотмагани қайд этилмоқда.