Россиянинг Алтай Республикасида 22 августдан янги сафарбарлик бошланиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Алтайликлар учун бу мавзу оғриқли. 2022 йилда Россияда қисман сафарбарлик эълон қилингач, Алтай Республикасидан ҳам кўплаб эркаклар урушга мажбуран юборилган. Ўша вақтда айрим фаоллар кичик халқлар вакиллари урушга нисбатан кўпроқ жалб қилинаётганини танқид қилган.

Украинадаги уруш давомида Алтай Республикаси катта йўқотишларга дуч келди. «Медиазона» маълумотлар базасида республикадан камида 922 нафар киши ҳалок бўлгани қайд этилган. Бу рақам урушда ҳалок бўлганларнинг умумий сони бўлиб, уларнинг ҳаммаси сафарбар қилинганлар эмас.

Шу сабабли айрим фаоллар янги сафарбарлик ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирмоқда. Бу жараён маҳаллий халқлар сони ва демографик ҳолатига янада салбий таъсир қилиши мумкин.