Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг тўнғич ўғли, 20 яшар Аҳмат Қодиров «Чеченистон Қаҳрамони» олий унвонига «сазовор бўлди». Бу ҳақда Чеченистон ҳукумати раиси Магомед Даудов маълум қилди.

Даудовнинг таъкидлашича, ушбу юксак унвон Аҳмат Қодировга республика ривожига қўшган ҳиссаси, давлат хизматидаги фаолияти ҳамда жамоатчилик ишларидаги иштироки учун берилди. Айнан қандай хизматлари дея Элтузардан сўраманг.

Билганимиз шуки, Аҳмат Қодиров айни пайтда Чеченистон спорт вазири лавозимида ишлаб келмоқда. Шунингдек, у Чеченистон ҳукумати раиси ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритади. Сўнгги йилларда юниор Қодиров республикада ёшлар сиёсати, спорт соҳаси ва давлат бошқарувига оид бир қатор вазифаларга тайинланган.

Шу йилнинг март ойида Россия президенти Владимир Путин Аҳмат Қодировни «жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматлари ҳамда кўп йиллик виждонан меҳнати учун» Президент миннатдорлиги билан тақдирлаган эди.