ТИЗИМ ЧАРЧАДИ: МАҲКАМОВА УСТИДАН ЯНГИ МУРОЖААТ
Элтузар таҳририятига Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова раҳбарлик услуби, меҳнат шароити ва мурожаатлар билан ишлаш тартиби юзасидан кескин танқид қилинган навбатдаги мурожаат келиб тушди. Муаллифлар тизимдаги босим ва ортиқча талаблар ходимлар соғлигига салбий таъсир қилаётганини айтишмоқда.
Элтузар таҳририятига Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова фаолияти танқид қилинган навбатдаги мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифлари ўзларини хотин-қизлар тизимида фаолият юритаётган кўп сонли аёллар номидан чиқиш қилаётганини билдириб, раҳбарлик услуби, меҳнат шароити ва мурожаатлар билан ишлаш тартиби юзасидан қатор жиддий иддаоларни илгари суришмоқда.
Мурожаатда таъкидланишича, қўмитада иш куни аксарият ҳолларда кечки соат 21:00–22:00 гача, баъзан ундан ҳам кеч тугайди. Шунингдек, ходимлар дам олиш кунлари ва расман байрам деб эълон қилинган кунларда ҳам ишга жалб этилаётгани, якшанба куни ишга чиқмаганларга эса “аризангни ёз” мазмунида босим ўтказилаётгани иддао қилинган.
Муаллифлар Зулайҳо Маҳкамова раҳбарлигида ходимларга доимий психологик босим ўтказилаётгани, мажлисларда ҳақоратомуз муносабат ва кескин танбеҳлар қўлланилаётганини ҳам билдиришади. Уларга кўра, амалга ошириш механизми ёки ҳуқуқий асоси аниқ белгиланмаган топшириқлар ҳудудларга юборилиб, ижроси қаттиқ назорат қилинмоқда. Бу эса марказий аппаратдан тортиб вилоят, туман ва шаҳар бўғинларигача босим занжирини юзага келтираётгани айтилган.
Мурожаатда фуқаролар қабул қилиш тизими ҳам танқид қилинган. Унда айтилишича, қўмитага келиб тушган мурожаатларнинг катта қисми Зулайҳо Маҳкамова томонидан шахсан кўриб чиқилмасдан, QR-кодли имзо орқали автоматик тарзда ҳудудларга юборилади. Бу эса мурожаатчиларнинг муаммоси яна қуйи бўғинга қайтиб, фуқароларнинг сарсон бўлишига сабаб бўлаётгани иддао қилинган.
Шунингдек, мурожаат муаллифлари Зулайҳо Маҳкамова ўтказадиган ZOOM орқали қабуллар ҳам амалда кўзбўямачиликка айланганини даъво қилишмоқда. Уларга кўра, эрталаб иш вақти бошланмасидан ҳоким ўринбосарлари ва мурожаатчилар йиғилади, аммо муаммолар асосан ҳудудлардаги мутасаддилар томонидан ҳал қилинади. Мурожаатда бу жараён кейинчалик раҳбарнинг шахсий қабули сифатида тақдим этилаётгани танқид қилинган.
Иддаоларда ҳудудий раҳбарларга нисбатан ортиқча талаблар қўйилаётгани, вилоят ва туман ҳокимлари топшириқларини бажариш билан қўмита талаблари тўқнаш келганда ҳоким ўринбосарлари танқид остида қолаётгани ҳам қайд этилган.
Мурожаатда яна Зулайҳо Маҳкамованинг раҳбарлик услуби кескин танқид қилиниб, у ходимлар билан қўпол муомала қилаётгани, структурани тез-тез ўзгартириши, қарорларини қисқа вақт ичида қайта ўзгартириши сабабли ижрочилар ноаниқлик ва босим остида ишлаётгани ҳақида иддаолар билдирилган.
Мурожаат якунида муаллифлар раҳбарнинг иш услуби тизимда ишловчи ходимларнинг соғлиғи ва руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб, давлат хизматчилари учун қонунчиликда белгиланган меҳнат тартибига риоя этилишини, ортиқча босимларга чек қўйилишини сўрашган. Шунингдек, улар Зулайҳо Маҳкамованинг лавозимини тарк этиши керак, деган фикрни ҳам билдиришган.
Эслатма: мазкур мақолада келтирилган маълумотлар Элтузар таҳририятига келиб тушган мурожаат ва ундаги иддаоларга асосланган. Таҳририят мазкур масала юзасидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ёки Зулайҳо Маҳкамованинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг