Навоий вилояти Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Исраилов қўл остидаги ходимларн. аҳоли уйларига кириб чиқишга мажбурлаяпти. Ходимларнинг таъкидлашича, улар иш вақтида ўз вазифаларини ташлаб, иссиқ ҳавода кўчама-кўча юришга жалб қилинмоқда.

Ўзи уйларни текшириш ташаббуси қайдан чиқди? Ҳокимлар қарорларнинг мазмунини тушунмайдиган даражада компетенциясиз ва фахм-фаросатсизми?

Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон Фармонида «Маҳалла еттилиги» вакиллари томонидан хонадонлардаги муаммоларни режа-график асосида ўрганиш ва аниқланган муаммоларни «Рақамли маҳалла» платформасига киритиш вазифаси белгиланган.

Шунингдек, 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сон Фармонда маҳалла ҳудудларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва бошқа ободонлаштириш ишлари билан боғлиқ вазифалар назарда тутилган.

Лекин «хонадонбай ўрганиш» деганда уйнинг тозалигини текшириб, бекаларни уялтириш назарда тутилмаган. Бу кринжни видеога олиб интернетда тарқатиб ўзларни ишлагандек кўрсатаётган мулозимлар асли шаҳсий дахлсизликка таҳдид қилаётганини тушунмайди шекилли.

Аҳолининг ҳақиқий муаммолари — уйнинг томи тешикми, хонадон газ билан таъминланганми, ичимлик суви узлуксиз келяптими, кўчалар асфальтланганми, болалар майдончаси қандай аҳволда, кўча чироқлари ишлаяптими, чиқиндилар ўз вақтида олиб кетиляптими — каби масалалар эмасми?

Ҳокимликлар эса хонадонларга кириб, уй-жойларнинг тозалиги ва ободлигига баҳо бериш, ҳатто аёлларнинг рўзғор тутишидаги камчиликларни қидиришни талаб қиляпти.

Ҳеч қайси расмий ҳужжатда «хонадонбай ўрганиш» деганда уйма-уй юриб, аёлларнинг рўзғор тутишини текшириш, улардан камчилик қидириш ёки хонадон эгаларини тасвирга олиб, видеоларни интернетга тарқатиб шарманда қилиш ҳақида гап йўқ.

Мақсад аҳолининг муаммоларини аниқлаш бўлса, нега эътибор уйдаги шахсий тартиб-интизомга қаратилмоқда? Нега аҳолига энг зарур бўлган инфратузилма, коммунал хизматлар ва ижтимоий муаммолар биринчи ўринга қўйилмаяпти?

Зарафшон ҳокимлиги ходимлари шаҳар ҳокими томонидан иш вақтида хонадонма-хонадон юришга мажбурланаётгани, уларга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатилгани ва «ишламасанг, шаҳардан чиқиб кет» мазмунида босим ўтказилгани таъкидлашмоқда.

Мурожаат муаллифлари мутасадди ташкилотлардан Зарафшон шаҳридаги ушбу ҳолатни ўрганиш, ходимларни хонадонма-хонадон юришга жалб қилишнинг ҳуқуқий асосини кўрсатиш ҳамда «хонадонбай ўрганиш» номи остида аҳолининг шахсий ҳаёти ва қадр-қимматига дахл қилинмаётганини текширишни сўрамоқда.

Бутун мамлакатни шу савол қийнаяпти. Жавоб бероладиган мард борми ўзи?