“ИНСТИТУТДА 30 КИШИЛИК “КОМАНДА” МОЖАРОСИ: БЮДЖЕТ ПУЛЛАРИ ҚАЕРГА КЕТЯПТИ?”
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида кадрлар сиёсатини ўзгартириш, қарийб 30 нафар "янги команда" жалб этилиши ва моддий рағбатлантириш пулларининг тақсимоти юзасидан мурожаатда жиддий саволлар кўтарилди.
Элтузар таҳририятига Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтидаги кадрлар сиёсати ва бюджет маблағларидан фойдаланиш ҳолатлари юзасидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда қайд этилишича, институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Элдор Шерманов раҳбарликка келганидан сўнг, аввал фаолият юритган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидан бир қатор ходимларни янги лавозимларга жалб қилган.
Мурожаат муаллифларига кўра, институтга қарийб 30 нафар ходим айнан ЎзДСМИдан олиб келинган. Улар орасида таълим сифатини назорат қилиш бўлими, ходимлар бўлими, бухгалтерия, матбуот хизмати, регистратор офиси, ёшлар билан ишлаш йўналиши ва бошқа таркибий бўлинмаларда фаолият юритаётган шахслар борлиги айтилган.
Шикоятда айрим ходимларнинг лавозимга тайинланиши таниш-билишчилик асосида амалга оширилгани иддао қилинмоқда. Шунингдек, аввалдан институтда ишлаб келган ходимлар турли сабаблар билан ишдан олиниб, уларнинг ўрнига ректорга яқин шахслар жойлаштирилгани таъкидланган.
Мурожаатда институтда моддий рағбатлантириш ва мукофот пулларини тақсимлаш жараёни ҳам шубҳа остига олинган. Муаллифлар айрим маблағлар муайян ходимлар ҳисоб рақамларига ўтказилиб, кейинчалик нақдлаштирилган ёки бошқа шахсларга йўналтирилган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Шунингдек, институтда байрам тадбирлари ва талабалар турар жойларида ўтказилаётган тадбирлар учун сарфланаётган маблағлар манбаси ҳам очиқ савол сифатида кўтарилган.
Мурожаат муаллифлари мазкур ҳолатлар юзасидан прокуратура, ДХХ ва бошқа масъул ташкилотлар томонидан текширув ўтказилишини сўраган.
Таҳририят мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда бошқа масъул идоралар муносабатини беришга тайёр.
Эслатма: мурожаатда келтирилган иддаолар тегишли ваколатли органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилмагунча тасдиқланган факт ҳисобланмайди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг