ЖАРИМА, БАЛЛ ВА ГУВОҲНОМАДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ: ЖАЗОНИНГ МЕЪЁРИ ҚАЕРДА?
Йўл қоидаларини бузган ҳайдовчиларга қўлланилаётган жарима, балл ва гувоҳномадан маҳрум қилиш чоралари қанчалик асосли? Муаллиф жазо миқёси, йўл шароити ва ижтимоий оқибатлар ўртасидаги мутаносибликни муҳокама қилади.
Баланд жарималарни Европа ёки бошқа ривожланган давлатларбилан таққослаб, вазиятни оқлайдиганлар талай. Жарималар жаҳон стандартида, йўл сифати ва тизими Африкадаги энг қолоқ давлатларнинг раҳмини келтиради.
Албатта, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш шарт. Аммо давлат белгилаётган ҳар қандай жазо ҳам асосли, тушунарли ва қоидабузарликнинг оғирлигига мутаносиб бўлиши керак. Ҳайдовчининг масъулияти ҳақида гапириб, назорат тизимининг адолатлилиги масаласини четга суриб бўлмайди. Ўнқир-чўнқир йўлларингизда уриниб-туртиниб юрган шўпрларга қайси виждон билан жарима белгилайсизлар, муҳтарамлар?
Масалан, катта трассада тезлик 60 км/соат билан чекланган жойда 66 км/соатда ҳаракатланган ҳайдовчини олайлик. Агар бундай ҳолатда пул жаримасига қўшимча равишда балл ҳам ҳисобланса, такрорий ҳолатлар гувоҳномадан маҳрум бўлишга олиб келса, жазонинг умумий оғирлиги ўта адолатсиз. Ҳар бир чорани алоҳида асослаш мумкин. Лекин уларнинг биргаликда инсон ҳаётига қандай таъсир қилиши ҳам ҳисобга олиниши керак.
Тезликнинг оз миқдорда ошиши ҳам муайян шароитда хавф туғдиради. Айниқса, пиёдалар ўтиш жойи, мактаб ёки аҳоли гавжум ҳудудда буни арзимас хато деб бўлмайди. Бироқ йўл шароити, тезлик қанча оширилгани ва ҳаракатнинг хавф даражаси ўртасидаги фарқ жазода ҳам акс этиши лозим. Тезликни сал ошириш билан ўта юқори тезликда ҳаракатланишни бир хил мантиқда баҳолаш адолатга хизмат қилмайди.
Чекловнинг ўзи қанчалик асосли?
Белгилар ўз вақтида кўринадиган, ҳайдовчи тезликни хавфсиз пасайтиришга улгурадиган тарзда ўрнатилиши зарур.
Агар йўлнинг тузилиши юқорироқ тезликка мосдек кўринса-ю, паст чекловнинг сабаби ҳайдовчига тушунарсиз бўлса, тизимга ишонч сусаяди. Бундай жойда масъулларнинг вазифаси фақат қоидабузарни қайд этиш билан тугамайди. Улар чекловни асослаши, хавфли нуқтани бартараф этиши ва ҳаракатни тўғри ташкил қилиши ҳам керак.
Бир хил жарима ҳаммага бир хил таъсир қилмайди
Даромади юқори киши учун жарима оддий харажат бўлиши мумкин. Кам даромадли оила учун худди шу сумма озиқ-овқат, ижара ёки боланинг эҳтиёжларига ажратилган пулнинг камайишидир. Демак, қоғозда бир хил кўринган жазонинг ижтимоий оғирлиги турлича.
Гувоҳномадан маҳрум қилишнинг таъсири янада катта. Тирикчилиги ҳайдовчиликка таянган одам учун бу даромад манбаини йўқотишни англатиши мумкин. Ўғрилик, талончилик кўпайсинми? Босим ортидаги мақсадингиз шуми, калласи катта мансабдорлар? Бундай оғир оқибатга олиб келувчи мезонлар пухта ва мутаносиб белгиланишини талаб қилади.
Назоратнинг натижаси нимада кўриниши керак?
Тизим самарадорлигини ундирилган жарималар сони ва миқдори билан ўлчаш нотўғри. Мақсадингиз пул йиғиштириш бўлса, бу бошқа гап. Асосий саволлар бошқача бўлиши лозим. Назорат ўрнатилган жойда авариялар камайдими? Ўлим ва жароҳатланиш ҳолатлари қисқардими? Хавфли йўл участкалари яхшиландими?
Бир нуқтада ҳайдовчилар мунтазам равишда бир хил қоидабузарликни содир этаётган бўлса, бу йўлнинг ташкил этилишини ҳам текширишга асосдир. Белги кўринмаётган, чеклов кескин ўзгараётган ёки йўл муҳити ҳайдовчини чалғитаётган бўлиши мумкин. Муаммони тузатмасдан жарима ундиришни давом эттириш жамоатчиликнинг шубҳасини кучайтиради. Лекин йўлни ўз вақтида таъмирлаб, тузоқ қўймаслик учун масъулларда виждон йўқ.
«Бу халқни талаш» деган эътироз ортида кўпинча жазонинг оғирлиги ва тизимнинг адолатлилигига ишончсизлик ётади. Бу эътирозга фақат «қоидани бузманг» деб жавоб бериш етарли эмас. Давлат чекловнинг зарурлигини, жазонинг мутаносиблигини ва назоратнинг ҳақиқий натижасини кўрсатиши керак.
Ҳайдовчи қоидага риоя этиши шарт. Масъул идоралар ҳам ҳар бир чеклов ва жазо учун жамоатчилик олдида ҳисобдор бўлиши шарт. Йўл хавфсизлиги ана шу ўзаро масъулиятга таянгандагина ишончли тизимга айланади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг