Президент Шавкат Мирзиёев яйловлар деградациясининг олдини олиш, уларнинг сув таъминотини яхшилаш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган тақдимот билан танишди. Унда яйловларни қайта тиклаш, чорвачилик учун озуқа базасини мустаҳкамлаш ва соҳада янги имкониятларни ишга солиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 21 миллион 255 минг гектар яйлов мавжуд бўлиб, уларнинг атиги 40 фоизидан самарали фойдаланилмоқда. Мазкур ерларнинг катта қисми имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани чорвачиликни ривожлантириш учун қўшимча захиралар борлигини кўрсатади. Яйловларни тиклаш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш эса чорва моллари учун озуқа етиштиришни кўпайтиришга хизмат қилади.

Белгиланган режага кўра, жорий йил якунига қадар 620 минг гектар, 2027 йилда эса 3 миллион 700 минг гектар яйловни қайта тиклаш ва ҳосилдорлигини ошириш кўзда тутилган. Бунинг учун деградацияга учраган майдонларни қисқартириш, ерларнинг табиий унумдорлигини тиклаш ва озуқабоп ўсимликлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Яйловлардан самарали фойдаланишда сув таъминотини яхшилаш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда қўшимча 448 та қудуқ қазиш, йил якунигача 1 минг 600 та қудуқни таъмирлаш режалаштирилган. Шунингдек, 2026 йилда 161 та, 2027 ва 2028 йилларда эса 81 тадан суғориш иншооти барпо этилади. Жами 323 та иншоотнинг қурилиши 969 минг гектар яйловни тиклаш имконини беради.

Ҳудудларда ҳам яйловлардан унумли фойдаланиш бўйича амалий ишлар бошланган. Навоий вилоятида маҳаллий бюджетдан ажратилган 30 миллиард сўм ҳисобидан «Кенгсой» насос станцияси реконструкция қилиниб, 20 минг гектар яйловни ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида эса 1 минг 332 гектар майдонда пивот суғориш тизими жорий этилиб, маҳаллий шароитга мос озуқабоп ўсимликлар экилмоқда.

Янги тартиблар чорвадорлар учун ҳам қатор қулайликлар яратади. Йил якунигача 470 та маҳаллага 627 минг гектар яйлов 49 йил муддатга бепул ижарага берилади. Ушбу майдонлар солиқдан озод этилади. Шунингдек, чорва боқиш учун узоқ йиллардан буён фойдаланиб келинаётган 623 минг гектар яйловни амалдаги фойдаланувчилар номига расмийлаштириш чоралари кўрилади.

Эътиборли жиҳати, эндиликда яйловлардан нафақат чорвачилик, балки экотуризм, асаларичилик, доривор ўсимликлар етиштириш, кўчатчилик, овчилик ва пиллачилик йўналишларида ҳам фойдаланишга рухсат берилади. Шунингдек, ер тоифасини ўзгартирмаган ҳолда яйловларда чорвачилик комплексларини қуриш имконияти яратилади. Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида жами 130 гектар майдонда 55 минг бошдан ортиқ чорвага мўлжалланган 15 та комплекс қурилиши белгиланган.

Яйловларни тиклаш ва чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган ушбу чора-тадбирлар гўшт етиштириш ҳажмини ошириш, озуқа таннархини камайтириш ва ички бозорни гўшт маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки чорва учун озуқа базаси қанчалик мустаҳкам бўлса, ишлаб чиқариш харажатларини мақбуллаштириш имконияти ҳам шунчалик ортади. Бу эса келгусида гўшт нархларига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ якуний натижа яйловларни тиклаш ишларининг самарадорлиги, чорва моллари сони ва бозордаги талаб-таклифга ҳам боғлиқ.