ЯНГИЙЎЛДА МАКТАБЛАР ЎҚИТУВЧИ ЧЎНТАГИДАН ЖИҲОЗЛАНАДИ
Янгийўл шаҳридаги 1-сонли ИДУМ ўқитувчилари мактабни жиҳозлаш ва бошқа эҳтиёжлар баҳонасида ҳар ой маошидан мажбурий пул тўлашга мажбурланаётганини айтмоқда. Педагоглар босим ва таҳдидлар ҳақида гапириб, масъул идоралардан текширув ўтказишни сўрамоқда.
Тошкент вилояти Янги йўл шаҳридаги 1-сонли ИДУМ педагог ходимларидан мактабни жиҳозлаш ва бошқа эҳтиёжлар учун мажбурий тарзда пул йиғиляпти.
Жумладан, август ойида ҳар бир педагогдан 600 минг сўмдан, сентябрь ойидан бошлаб эса ҳар ой 200 минг сўмдан пул бериш талаб қилиняпти. Бундан аввал, июнь ойида ҳам педагоглардан 500 минг сўмдан пул йиғилган.
Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, маблағ йиғиш мактаб директори топшириғи асосида амалга оширилмоқда. Пул директор номидан ишончли ходим орқали унинг пластик картасига ўтказиладм. Айрим ходимлар маблағни нақд шаклда беради.
Масалан, карта орқали пул ўтказиш учун карта рақами юборилган ёзишмалар ҳамда 2026 йил 14 август куни комиссия билан бирга 606 минг сўм айнан ушбу карта ҳисоб рақамига муваффақиятли ўтказилганини тасдиқловчи банк чеки ҳам мавжуд.
«Пул беришдан бош тортган педагогларга нисбатан босим ўтказиб, дарс соатлари камайтирилиши билан таҳдид қилинади. Директор баъзи ўқитувчиларни мажлис вақтида бошқа педагоглар олдида турғизиб, бемалол изза қилади. Биз иш жойимиз ёки дарс юкламасидан айрилиб қолишдан қўрқиб, ушбу ҳолатлар юзасидан очиқ ариза ёзолмаяпмиз.»
Ўқитувчиларнинг қўлида аудио ёзувлар, ёзишмалар, банк тўловлари ҳақидаги маълумотлар ва бошқа объектив далиллар бор. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, прокуратура органлари, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда бошқа ваколатли ташкилотлардан мактаб раҳбариятини тафтиш қилиш сўралади. Далилларни тақдим этган педагогларни вазирлик ҳуқуқий ҳимоя қилиши ҳам шарт.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг