ЯНГИЙЎЛ ПОЛИКЛИНИКАСИ КУШХОНАГА АЙЛАНДИ
Янгийўл шаҳридаги 1-сонли оилавий поликлиника ҳовлисида мол сўйилиб, гўшт савдоси йўлга қўйилгани айтилади. Ходимлар тиббиёт муассасаси бозорга айланиб бораётганидан норози ва масъул идоралардан текширув ҳамда расмий муносабат сўрамоқда.
Янгийўл шаҳар 1-сонли оилавий поликлиникаси ҳудудида мол сўйилиб, гўшт сотилади. Ҳарқалай, поликлиника ҳовлисида олинган суратлар шуни тасдиқламоқда. Беморлар даволаниш учун келадиган давлат тиббиёт муассасаси сўнгги вақтларда савдо-сотиқ майдонига айланди, дейди ходимлар.
Поликлиникада аввал дориларнинг агрессив тарғиботи, «фирмабозлик» ҳолатлари кузатилган. Энди эса тиббиёт муассасаси ҳудудида гўшт савдоси ташкил этилди, ҳовлида ҳатто мол сўйиш ҳолатлари бўлгани иддао қилинмоқда.
Санитария ва гигиена талаблари энг қатъий сақланиши шарт бўлган поликлиника ҳудудида бундай савдо-сотиққа ким рухсат берди? Давлат тиббиёт муассасаси беморларни даволаши керакми ўзи?
Ходимлар мазкур ишлар раҳбарият бехабарлигида бўлиши қийинлигини айтиб, масъул ташкилотлардан текширув ўтказишни сўрашмоқда.
«Биз дори рекламачиси ёки қассоб эмасмиз. Поликлиника кушхона эмас. Тинчгина халқни даволашни хоҳлаймиз. Тиббиётни кўтариш ўрнига ташкилотни бозорга айлантириб юборишди», — дейди Элтузарга мурожаат қилган ходимлар.
Поликлиникада тозалик, тартиб, тиббий маданият ва стерил озодалик биринчи ўринда туриши керак. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва тегишли санитария назорати органларидан Янгийўл шаҳар 1-сонли оилавий поликлиникасидаги ҳолат юзасидан расмий муносабат ва амалий чоралар кутиб қоламиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг