Жиззах вилояти Янгиобод тумани Сармич МФЙ ҳудудида жойлашган “Янги буюк истак” МЧЖга 100 гектар ер майдони ажратилган. Ер боғдорчилик қилиш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудудни ривожлантириш учун ажратилган эди.

Амалда эса ер майдони шипшийдон. Маълумотларга кўра, Бу лойиҳа учун 1 миллиард сўмга яқин субсидия “ўзлаштирилган”.

Олий минбарларда бюджет маблағини тежаш, ҳар бир сўмни ҳисоб-китоб билан сарфлаш ҳақида гапирилаётган бир пайтда Янгиободдаги “сармоячилар” пулни қандай қилиб “мевасиз боғга” айлантиришди? Ушбу масала маҳаллий мутасаддиларни ҳозирча қизиқтирмаяпти.

Яна бир имконият бой берилди, янги иш ўринлари яратилмади, кутилган ривожланиш рўёбга чиқмади. одамларнинг умиди эди.

Оддий фермер бир гектар ердан тезда самара олмаса, дарҳол сўроққа тортилади. Аммо 100 гектар бўм-бўш қақраб ётганига ҳеч ким ҳайрон эмас.

Бу ҳолат тасодифми? Маҳаллий ҳокимлик, агроинспекция бўлими бўш ётган 100 гектар ерни кўрмай қолдимикан? Мана шундай яхши гумонда қолишни истаймиз, лекин ҳатто энг ишончсиз гумонда ҳам 1% реализм бўлади.